СУЗМАДАН “МИЛЛИОН” ТОПАЁТГАНЛАР

Мамлакатимизда барча соҳалар бўйича бўлаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз самарасини кўрсатмоқда. Ҳатто туманнинг чекка қишлоқлари аҳолисида ҳам тадбиркорлик, ишлаб чиқариш билан шуғулланиш иштиёқи кун   сайин ошмоқда.

Ҳудудлар бўйича сектор раҳбарлари ҳамда маъсуллар томонидан фуқароларнинг мурожаатлари ўрганилиб, тадбиркорликка йўналтирлмоқда. Президентимизнинг олиб бораётган оқилона сиёсати туфайли пандемия даврида тадбиркорлар бир қанча солиқ турлари, жисмоний шахсларга ҳам банкдан олинган кредитлари учун қўшимча равишда имтиёзлар тадбиқ қилинди. Мақсад аҳолини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларга кўмак бериш банкротликка йўл қўймасликдир.

Синовли кунларда Қирқйигит МФЙ дан  аҳоли бандлигини таъминлашда ўз ҳиссасини қўшган тадбиркорларимиздан  "Нодирхон Агро Продукт" корпорацияси раҳбари Нодирхон Исломовдир. Корхона ҳар бир хонадонда етиштириладиган чорва маҳсули оддий сузмадан қурт тайёрлайди.

-Корхонамиз асосан маҳаллий  аҳоли ва қўшни Жиззах вилояти аҳолисидан сузмани сотиб олиб қурт қилиб тайёрлайди-дейди, Нодирхон ака. Корхона  2012 йилда ташкил қилинган бўлиб, ҳозирда 34 нафар маҳалладошлар меҳнат қилади,  ундан ташқари яна 16 та оила билан бирга ишлаймиз. Тайёр маҳсулотларимизни республика бўйлаб ва Қозоғистон, Қирғизистон республикаларига тарқатилади Афғонистондан ҳам буюртма олдик. Корхонада иккинчи йўналиш яъни кунгабоқарни тозалаб қадоқлашни ҳам йўлга қўйишни режа қилиб турибмиз. Айни вақтда зарур ускуналарни хорижга буюртма ҳам қилдик.   

Тадбиркорнинг фаолият бошлашига асли онаси   Маҳбуба Исломова сабабчидир. Фарзандлари ёш, маблағи етар-етмас бўлса-да ҳаракат қилди. Фарзандлари билан чорвага зўр беришди, тиниб-тинчимадилар. Шу тариқа ўз йўлларини топишди. Мана, энди бутун қишлоқ манфаатдор. Хаж сафарида бўлди, тилидан шукроналик сўзлари тушмайди.

Меҳнати ва кечирган қийинчиликлар бесамар кетмаганидан хожи она хурсанд. Синовлар инсонни тоблайди,  тажриба ҳам ошади. Туманимиз саноатлашмоқда, янги замонавий технологиялар келтирилмоқда, мушкуллар анча осон кечаётир, шу орқали ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Ислоҳотлар ўз самарасини кўрсатмоқда.


Илҳомжон БОБОЕВ.