НЬЮ-ЙОРКДАГИ "ЗИЁ АРТ" ЎЗБЕК МАКТАБИНИ БИЛАСИЗМИ?

Кейинги йилларда юртимизда ўзбек тилининг обрўйи ва  имкониятларини  янада кенгайтириш борасида катта ишлар амалга ошмоқда. 2016 йилда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилиши, 2018 йил 15 майда тасдиқланган «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва янада такомиллаштириш бўйича Ҳаракатлар режаси» ҳаётга татбиқ этилиши шулар жумласидандир. Бироқ энг муҳим янгилик сифатида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида юқори даражадаги умумсиёсий мунозараларда ўзбек тилида иштирок этгани бўлди. Ўзбек тили илк марта дунёнинг асосий минбаридан жаранглаб олам узра ёйилди. Ушбу оламшумул янгилик туфайли ўзбек тили нафақат Ўзбекистонда, балки бутун оламда янада ҳурмат эътибор топади десак тўғри бўлади.

Ўзбек тилини қадр қимматини ошириш учун қилинаётган ишлар нафақат республикамизда, балки чет элларда ҳам ўз аксини топмоқда. Ҳозирда бутун дунё буйлаб ўзбек тилини ўрганиш, маҳсус тил курсларини очиш жараёни ҳаракатга тушди. Жумладан, 2020 йил 19 сентябр куни       Нью-Йорк шаҳрида илк бора "Зиё Арт" ўзбек мактаби очилди. Мактаб Америкада туғилган 6-14 ёшгача бўлган ўзбек ва бошқа миллат ўғил қизларини ўз бағрига олди.

Ушбу мактаб Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари чет элларда вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари ҳамда хорижда яшовчи ватандошларимизни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришлари ўз фаолиятини бошлади. Ушбу мактабнинг очилишига бош-қош бўлганлардан бири, самарқандлик педагог-филолог Нурҳон Ачилованинг келтиришича: “-Мақсадимиз азиз фарзандларимизни ўзбекона урф-одатларимизни, миллий қадриятларимизни  унутмасдан, ота-онага ва қариндошларга меҳр-муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлаш, ўзбек тили-она тилимизни саводли ўргатишдан иборатдир!”  Мактабда дарслар шанба ва якшанба кунлари ўзбек тилида Ўзбекистондан келтирилган махсус ўқув материаллари ва дарсликлардан фойдаланган ҳолда танлаб олинган малакали ўқитувчилар томонидан олиб борилади.

Ўзбек тили билан боғлиқ ижобий ўзгаришлар, келтирганимиздек, Республикамизда ҳам амалга ошмоқда. Яқин кунгача айрим расмий ҳужжатлар, ҳаттоки кичик маълумотномалар, турли сўровномалар рус тилида, кўча-кўйдаги чаласаводлик ва ўзга тиллардан кириб келган, гоҳида ўзбек халқи руҳиятига мос бўлмаган, оммавий маданиятни тарғиб қилувчи кирил хатидаги ёзувлар ва атамалар одатий тус олган эди. Ҳозирда бундай нохуш ҳолатларга барҳам берилмоқда.

Фикримча, Республикамиз шаҳарларидаги турли эълон ва баннерларда, савдо, умумий овқатланиш шохобчаларининг номланишидан тортиб, давлат тилида иш юритишларигача қатъий назоратга олиниши лозим. Бунинг учун ўзбек тилининг амалда қўлланилишини назорат қилувчи мутасадди ташкилотлар янада жон куйдиришлари ва ҳар бир фуқаро ҳаракат қилиши мақсадга мувофиқдир.


Лобар Душанова,

83-умумтаълим мактаби она тили

адабиёт фани ўқитувчиси.