БЕМОР САЙЛОВЧИЛАР ҲАМ НОМЗОДЛАР УЧУН ОВОЗ БЕРАДИЛАР

 Туманимиз ҳудудида шакллантирилган сайлов участкалари орасида “427-махсус сайлов участкаси” ҳам алоҳида ўрин тутади. Ушбу сайлов участкаси комиссия аъзолари зиммасига жиддий ва масъулиятли вазифа юклатилган, яъни бу участкада туман тиббиёт бирлашмаси бўлимларида, шунингдек, Митан шаҳарчасидаги бўлимлар ҳамда Сил касалликлари диспансерида ётиб даволанаётган беморлар  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлигига номзодлар учун овоз берадилар.

 - Комиссия аъзолари сайловлар кунига алоҳида тайёргарлик кўришмоқда. Бизнинг участкамизда сайловчиларнинг рўйхати 21 декабрь куни соат 23.00 га қадар шакллантирилади,- дейди участка сайлов комиссияси раиси Шерали Байитов биз билан суҳбатда.- Чунки, шу лаҳзага қадар ҳам касалхона бўлимларига беморлар келтирилиши ва сайловчилар таркибига яна фуқаролар қўшилиши мумкин. 

   Шу билан бир қаторда, туман тиббиёт бирлашмаси жамоаси барча участкалардаги жараёнларда ҳам ўзларини масъул деб билишади. Сайлов куни барча сайлов участкаларида ҳудуд шифокорларининг навбатчилиги ташкил этилади. “Тез ёрдам” бўлими ва унинг ҳудудлардаги бўлимларига қарашли 18 та хизмат машинаси  ва навбатчи шифокорлар хизматга шай ҳолатда бўлади. Зарур ҳолатларда туман тиббиёт бирлашмаси томонидан намунали тиббий хизмат кафолатланади.

М.ҲАЙИТОВА,

 “Иштихон овози” мухбири.

Сурат муаллифи Дилмурод ҚИРОНОВ.