“ЭРТАК АЙТИБ БЕРИНГ, БУВИЖОН!”

ЁШ АВЛОД ТАРБИЯСИДА ХАЛҚ ОҒЗАКИ ИЖОДИНИНГ ЎРНИ

 Ким болалигини қумсамайди, соғинмайди дейсиз! Ўша беғубор дамларни хотирлаганда барчамиз бувижонларимиз айтган эртакларни эслаймиз. Ана шу эртаклар таассуроти туфайли кўнглимизда жўш урган орзуларимиз ҳаётдаги интилишларимизга пойдевор бўлганини ҳис этамиз.

 Дарҳақиқат, ўзбек халқи ўзининг узоқ йиллик тарихида фарзанд тарбиясини жамият тараққиётининг асосий меъзонларидан бири сифатида қадрлаб келади. Фарзанд учун биринчи муаллим аслида ота-она, бобо ва бувижонлардир. Оилада ота-онанинг маънавий дунёси нақадар бой бўлса, фарзандлар тарбияси ҳам мукаммал шаклланади. Оилада китобсеварликнинг ўрни, халқ оғзаки ижодидан қай даражада фойдаланилиши ўғил-қизларнинг комил инсон бўлиб вояга етишида муҳим ўрин эгаллайди. Оналаримиз айтган алла, бувижонларимиз сўзлаб берадиган эртак ва мақоллар мурғак гўдаклар қалбида меҳр туйғуларининг мустаҳкамланишига замин бўлиб хизмат қилади. Эртакларда яхшиликнинг ҳамиша ғолиблиги, ёмонлик ҳар доим фалокатга етаклаши каби асл ҳақиқатлар бола тасаввурида инсон қадр-қимматини юксалтиради, камтаринликни улуғлайди.

 Эртак тинглаган боланинг сўз бойлиги ортади. Оғзаки сўзлашувларда турли мақол ва иборалардан унумли фойдаланади. Миллий удум ва анаъаналарнинг мазмун моҳиятини англайди.

 Азиз оналар, бувижонлар! Дилбандингиз “Эртак айтиб беринг!” деганда асло оғринманг. Чунки, эртаклар ҳамиша яхшиликка етаклайди.


Мақсуда ЖУМАБОЕВА,

60-умумтаълим мактаби бошланғич синф     

ўқитувчиси.