ФАРЗАНДИНГИЗ ДАНГАСА ЭМАСМИ?

Болалик –подшолик дейишади. Ҳамма ҳам фарзандининг орзуларига қулоқ тутишни, унинг истакларини амалга оширишни хоҳлайди. Имкон қадар яхши кийинтириш, бахтли болалигини таъминлаш учун шароит яратиб беришга ҳаракат қилади.

 Лекин ота-онанинг бу саъй-ҳаракати баъзан болага салбий таъсир қилиши ҳам мумкин. Айрим фарзандлар менинг ҳамма истакларимни бажариш ота-онамнинг вазифаси деб тушунадиган бўлиб қолишади ва унинг талаблари кун сайин ортиб боради. Бу эса уни иззатталаб, манфаатпараст, дангаса одамга айлантириб қўйиши ҳам мумкин.

 Бундай ҳолатга йўл қўймаслик учун боланинг оилавий ҳаётда фаол иштирок этишига эришиш лозим, деб ўйлайман. 

Маълумки, ҳар бир оиланинг ўз ташвишлари, меҳнат жараёни, даромад манбаи бўлади. Ота-оналар боланинг ёш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда унинг ана шу жараёнларда бевосита қатнашишига шароит яратиб бериши керак. Масалан, бола кичик ёшида ота-онаси қилаётган меҳнатни кузатиши, иш қуролларини етказиб беришда ва йиғиштириб қўйишда ёрдам бера олиши мумкин. Маълум бир ёшда эса унда парранда, гул ва ўқимликларни парвариш қилиш каби юмушларга қиқзиқиш уйғониши табиий. Ўқишдан бўш вақтларида фарзандингизни фойдали меҳнатга йўналтириш зарар қилмайди. Аксинча, у оила даромади ўз-ўзидан ҳосил бўлмаслигини англайди. Қолаверса, ўринли ва маъёрида қилинган жисмоний меҳнат болани чиниқтиради. Ўз меҳнати самарасидан роҳатланиш эса унга янада ғайрат бахш этади. 

 Бола улғайгани сайин унинг жамиятдаги иштироки ҳам ортади. Оила-мактаб-маҳалла ҳамкорлиги эса унинг камолотида айниқса муҳим ўрин тутади. Комил инсон нафақат оила, балки вояга етган маҳалласи, таълим олган мактабининг ҳам фахридир.


Гулнора ЖАЛОЛОВА,

42-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.