ОҚИБАТНИ ХУШ КЎРГАН ИНСОН

Йиллар давомида қишлоқ хўжалиги соҳаси ва масъул вазифаларда фаолият кўрсатган Иштихон фарзандлари ҳақидаги китоб нашрга ҳозирланмоқда. Бу китобга Олим Назаров  ҳақидаги ушбу лавҳа ҳам киритилган.  

      Соғинч деган кечинмалар айниқса азиз кишингни йўқотганингда қалбингни ўртайди. Ўтирсанг, турсанг сиймоси кўз олдингдан кетмайди. Дўсти ёки бирор тенгдошини кўрсанг  дардли тўйғулар янгиланади. Отам Олим Назаровннг умри қисқа бўлди, 2008 йил 28 июнда тўсатдан оламдан ўтди, кексалик бахти, неваралар даврасида ўтириб, уларни эркалатишлар  насиб этмади.Аммо ўша вақтгача ҳам элга меҳр кўрсатди, кўнгил олиб, кўп ишларга улгурди. Қўмсаган   пайтларимда у киши ҳақидаги  яхши фикрлар, хотиралардан кўнглим таскин топгандек бўлади. 

Ҳар куни эрталаб укалари билан дийдорлашар, дастурхон атрофида   ширингина суҳбатлашиб кейин ишга отланарди. Оиламизда бу анъана бўлиб қолган эди. Ака-укаларнинг меҳр-оқибатига қўни-қўшниларнинг ҳаваси келарди. Онам Дилшода Назарова билан 9 нафар фарзандларни ўлғайтирдилар. Жуда болажон, ака-ука, таниш-билишларнинг фарзандларини ҳам худди ўз фарзандидек  суюб,эркалатарди. 

     Хайрли ишларни ёқтирарди. Бу воқеани кўп ёдга оламан. 

     Уйимиз йўлнинг яқинида жойлашган, отам ишга ўтаётганида машинаси бузилиб қолган нотаниш кишига кўзи тушади. Орадан вақт ўтиб, ишларини битириб уйга қайтиб келиб қарасаки ҳайдовчи йигит ҳали ҳам машинасини  ўхшатолмаган, қўллари ёғ, юз-кўзлари чанг, кийимлари бир ҳолда.

 Уни чойга таклиф қилади, онамга дарҳол дастурхон  тайёрлашни буюради. Техникани  яхши тушунадиган уста тоғамни чақириб машинани тузаттириб кейин хайрлашиб кузатиб қўйганини яхши эслайман.

     Бир куни йўл-йўлакай нотаниш аёл билан суҳбатлашиб қолдим. Табиийки “Кимнинг қизи бўласан” деб сўради. Қишлоғимни, отамнинг исмини айтдим. “Ажойиб инсоннинг фарзанди экансиз” дедилар ва отам ҳақида сўзладилар.

     -Рўзғорим тўкис, пойтахтдан уй олдим, машинамиз ҳам бор. Албатта, булар биз учун бир умрлик ҳавас эди, орзуимизга эришдик. Олим Назаров фермер бўлишимга ёрдамлашди, тўғри маслаҳат берди, ўзимиз астойдил ҳаракат қилдик. Барчасига у   кишининг  кўрсатмалари билан эришдим. Фермер бўлмаганимда оиламизга бунчалик   қут-барака энмасди. Мен ҳали-ҳали у кишидан жуда-жуда миннатдор бўламан,--деди.

      Нотаниш кишидан эшитганларим қалбимни тўлқинлантирди. Отажонимни худди ёнимда жилмайиб тургандек ҳис этдим.

       Отам 1951 йил 20 майда Йўлдош Охунбобоев хўжалигининг Қорахони қишлоғида таваллуд топган. 1968 йилда ўрта мактабни битиргач, Одил қишлоқ алоқа бўлимида ишлайди. Ҳарбий хизматни ўтаб қайтганидан кейин, Тошкент шаҳридаги ҳисобот-бухгалтерия техникумида ўқиди.  1985 йилда Тошкент қишлоқ хўжалик институтининг қишлоқ хўжалик   экономикаси ва уни ташкил этиш ихтисоси йўналишини  тугатиб етук мутахассис бўлди. Йиллар давомида ўзи улғайган хўжаликда бош экономист, чорва бўлимида ҳисобчи,  туман ҳокимлиги ташкилий бўлимида ташкилотчи , 1989 йилдан  туман агрохизмат уюшмаси раисининг  иқтисодий ишлар бўйича ўринбосари вазифаларида  меҳнат қилди.

      У киши туманда биринчилардан бўлиб фермерлик ҳаракатини бошлаган эдилар. Пахта ва ғалладан мўл ҳосил олганларида, яратган боғлари шиғил-шиғил мевалар билан сийлаганида қанчалар хурсанд бўларди.”Ҳақиқий деҳқонман” деб ҳаммага эмас гоҳ-гоҳида биз фарзандларига мақтанишни хуш кўрарди.

     Отам жуда масъулиятни ҳис этарди. Ишни ўринлатиб қўяр, фарзандлар тарбияси, қариндошлар, маҳалладошлар ўртасида оқибатни  сира унутмасди. Оилада қизлар кўп бўлсак-да ҳеч биримизнинг дилимизни оғритганларини билмайман. Отам эрта оламдан ўтган бўлса-да худди ҳаётдек, ёнимизда юргандек гуё. Ўйлаган дамларда  қалбимизда фахр туйғулари кечади. Шундай, яқин кишингни ҳеч қачон унутиб бўлмас экан, нима ҳам дердик, у киши бизга хаёлан ҳар лаҳза ҳамроҳ. Қилган эзгу ишлари ҳақида сўзлаганим сайин хаёлан ёнимдадек туюлаверади.

Дилором Назарова