ҚОНУНИЙ ИШ ЮРИТИНГ!

Мактабгача таълим тизимидаги ташкилотларда ҳуқуқни қўллаш амалиёти яъни  меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши юзасидан мониторинг ўтказилди. Мониторинг жараёнида жамоада қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилмаётганлиги, қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилаёганлиги аниқланди.

Жумладан, тумандаги 20-МТТнинг 2019 йил 22 октябрдаги   74-сонли буйруғи билан ташкилот ўриндош тарбиячиси С.Раҳмоновага ички меҳнат қоидаларига, ижро интизомига риоя қилмаганлиги учун  Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 181-моддаси 1-бандига асосан ҳайфсан интизомий жазоси қўлланган. Буйруқ чиқарилишига, жазо қўлланишига  тарбиячи  С. Раҳмонованинг тўгарак   машғулотига тайёр эмаслиги асос қилиб кўрсатилган. Ҳужжатга тушунтириш хати ва касаба уюшмаси қарори илова қилинган.

Ўзбекистон Республикаси  Меҳнат Кодексининг 182-моддасида иш берувчи томонидан интизомий жазо  бевосита   ножўя ҳатти-ҳаракат  аниқлангандан кейин ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақтини ҳисобга олмасдан, узоғи билан бир ой ичида  қўлланиши керак. Интизомий  жазо берилгани тўғрисидаги буйруқ  (фармойиш) ёки қарор ходимга маълум қилиниб, тилхат олиниши лозимлиги қайд этилган.

Бироқ, С.Раҳмоновага жазо ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан кейин 36 кундан сўнг қўлланилган. У буйруқ билан таништирилмаган ва тилхат олинмаган. Бекор қилиш асослари кўрсатилмаган.

Маъмурият томонидан ташкилот ходимлари М. Жабборова, С.Сирожова, Ш.Маҳамматоваларга нисбатан ўша санадаги бўйруқлар  билан жазо чоралари қўлланган бўлса-да,  улар ҳам ҳужжат билан таништирилмаган, жазо қўлланиши билан боғлиқ ҳолатлардан бехабар. С.Мустафоева 2020 йил 3 февралдан ташкилот буйруғи билан икки ой муддатга иш ҳақи тўланмайдиган, яъни ўз ҳисобидан меҳнат таътилига чиқарилган. Лекин ишга чиқишга  рухсат бериш ҳақидаги буйруқ чиқарилмасдан  яна иккинчи марта таътил берилган.

Бир штат бирлигида инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишлаб келган  Д.Ҳамидованинг 0,5 штат бирлиги, у билан бўлган меҳнат шартномасига ўзгартириш киритилмаган ҳолда, унинг розилигисиз М.Шамсиевага олиб берилган. Худди шундай ҳолатлар шаҳар марказидаги 10-МТТ фаолиятида  ҳам учрайди. 

Текширув натижасида 36 нафар  ходимларнинг  2019 йил декабрь ойидан  2020 йил май ойига қадар бўлган 56 миллион сўмлик  иш ҳақлари ундириб  берилиши таъминланди.

Бундай  мисолларни   яна давом эттириш мумкин. Бу каби ҳолатларни кузатар эканмиз, МТМларнинг раҳбарларига қонуний иш юритинг, йўқса хижолат бўлиб қолишингиз мумкин,  деймиз.


Илҳом ЕТКИРОВ,

туман Адлия бўлими катта маслаҳатчиси.