ДИҚҚАТ, ЙЎЛДА ТРАКТОР ҲАРАКАТЛАНМОҚДА!

Айни кунда туманимиздаги барча фермер хўжаликларида пахта йиғим-терими қизғин давом этмоқда. Катта меҳнат эвазига етиштирилган ҳосилни ўз вақтида пахта қабул қилиш манзилгоҳларига етказиш учун йўлларда тракторлар қатнови ҳам ортди. Бу эса ўз навбатида ҳайдовчилардан ҳам катта масъулият ва ҳушёрликни талаб этади. Чунки, тракторлар кўпроқ кечки пайт, бунинг устига ҳар бири баъзан икки-учта пахта ортилган тиркамалар билан ҳаракатланади.Бу эса ўз-ўзидан бошқа транспорт воситалари қатновида бир оз қийинчилик туғдириши табиий.

 Шундай экан, йўлга чиққан ҳар бир автотранспорт воситаси ҳайдовчиси эҳтиёткорликни унутмаслиги, ҳаракатланиш қоидаларига қатъий амал қилиши, тезликни меёридан оширмаслиги ва ҳушёр бўлиши шарт. Пахта ташувчи тракторларни қувиб ўтишга уриниш, уларнинг ёнида қалтис ҳаракатларга йўл қўйиш жуда хатарли.

 Механизаторлар ҳам хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилишлари лозим. Тиркамаларга одамларни миндириш, юриб кетаётган трактор тиркамасига осилиш каби ҳолатларга асло йўл қўйиб бўлмайди. 

 Ҳушёрликни унутмайлик азизлар, мавсум соз ва бехатар ўтсин!


Шерзод ЭРНАЗАРОВ,

туман ИИБ ЙҲХ бўлинмаси бошлиғи.