РЎМОЛИМИЗ ОРИМИЗ ЭМАСМИ?

Аёлни бежизга гулга қиёслашмайди. Унинг  гўзаллиги, нафосати, хуш ифори табиат томонидан ҳар бири бетакрор этиб яратилган гулдан андоза олгандек гўё. Гулни бевақт узиб, пайҳон этгинг келмагани каби аёлни ҳам эъзозлагинг, асрагинг келади. 

Аммо, кейинги пайтда гўё ана шу гўзалликка бир оз путур етаётгандек, назаримда. Албатта, менинг бу гапим кимларгадир ёқмаслиги табиий. Аммо, хотин-қизларимизнинг кийиниши, муомала маданияти, ибо ҳаёси ҳақидаги салбий фикрлар кун сайин ортиб бораётгани ҳеч биримизга сир эмас. Кўпгина опа-сингилларимиз, ҳатто катта ёшли аёллар ҳам рўмол ўрашни унутишмоқда. Аслида аёлнинг ўз чиройини рўйи-рост кўз-кўз қилиши, боши очиқ, сочи ёйилган ҳолига бегона назар тушиши муқаддас динимизда ҳам маъқулланмайди.  

 Яқинда мана шу масалада бир неча опа-сингилларимизни саволга тутдим.

 -Сиз аёл киши рўмол ўраб юриши керак деган гапга қандай қарайсиз?

 Таъкидлашим лозимки, бу саволимга аксарият хотин-қизлар беписандлик, ҳатто киноя билан жавоб қайтаришди. Кимдир “Ҳозир ҳеч ким рўмол ўрамайди-ку!”  деса, яна кимдир “Бу ҳар кимнинг ўз шахсий иши” дейишгача боришди. Биз дўппини ўзбек йигитининг ори деб биламиз. Демак, рўмол ҳам аёлнинг ҳаёси, шаъни ва оридан нишона.

 Эҳтимол, менинг бу гапларим ортиқча иддаодек туюлар, лекин, бобо ва момоларимиздан қолган шундай гап бор: - “Юздан ҳаё кўтарилдими, қалбдан иймон йўқолиши ҳеч гап эмас!” Дарҳақиқат, бугун борига шукрона айтиб яшаётган, бош эгаси саналмиш турмуш ўртоғининг топганига қаноат қилаётган аёлларимиз камайиб бораётир. Орамизда эри уйда қолиб бир неча йиллаб хорижда юрганлар қанча?! Бундайлар орасида ҳатто ёши қирқдан ошган, неварали бувижонларимиз ҳам борлигига нима дейсиз? Тўғри, улар ўзга юртларга ишлаш, пул топиш учун кетишгани, оила боқиш осон эмаслигини таъкидлашади. Лекин пул топиш эвазига табиатига ўктамлик, беписандликнинг нуқси уриб келаётган, нафақат турмуш ўртоғи, балки унинг оиласидагиларни ҳам писанд қилмай қўяётганлар ҳам афсуски, топилаётир.  Баъзи аёллар сочларини турфа рангга бўяш, миллийлигимизга мутлақо ёт бўлган очиқ-сочиқ кийимлар кийиш билан гўё ўзларини “замонавий”, “маданиятли” эканликларини намойиш этишга интилишади.Аслида эса инсон учун ички маданият муҳим эмасми? 

 Дунёдаги ҳеч бир миллат ўз миллий маданиятини оёқ ости қилмайди. Ўша сиз бориб келган хорижий давлатларнинг халқлари ҳам ўз урф-одати, қадриятлари, миллий либосларига эга ва уларни қадрлайди. Ўзлигини йўқотиш эса аввало гуноҳ, қолаверса, ихтиёрий равишда боши берк кўчага кириш билан баробардир.Кейинги пайтларда давраларда ўз турмушидан тинимсиз нолийдиган, арзимаган сабаб туфайли суд-ҳуқуқ идораларига қатнаб ажрашиш, алимент ундириш ёки юзига бир тарсаки туширган эрининг “кўзини очдириб қўйиш” илинжида юрган опа-сингилларимиз сони кун сайин ошиб бораётганининг ҳам бош сабаби мана шу эмасмикан?  

 Азиз опа сингиллар, дугонажонлар! Эркаклардан меҳр муҳаббат, иззат-эътибор истасак, биз ўтмишимиздаги Кумушбибиларни соғиниб яшамасдан ўзимиз уларнинг давомчилари бўлайлик!


Ҳилола ТОШҚУЛОВА.