БИЗНИНГ НУРМАТ МУАЛЛИМ

Бу галги қаҳрамонимиз кекса педагог, етти нафар фарзанднинг отаси, 23 невара ва 21 нафар чевараларнинг бобоси Нурмат Намозов бўладилар. У киши нафақат аҳил оила соҳиби, балки  ҳаётдан ўз муносиб ўрнини топган юзлаб инсонларнинг севимли устозидир. Отахоннинг бугунги янгиланаётган Ўзбекистондаги ўзгаришлар, айниқса, таълим соҳасидаги ривожланишни кўриб дили яйрайди. Беихтиёр ўзининг ёшлик йилларини кўз олдига келтиради.

  Нурмат Намозовнинг болалиги иккинчи жаҳон уруши тугаса-да ҳали унинг асоратлари давом этаётган йилларга тўғри келди. Бошланғич таълимни ўзи туғилиб ўсган Барлов қишлоғида олгач, аввал 3 километр олис бўлган Тўла қишлоғида етти йиллик, сўнгра 12 километр йироқликдаги Қайирма қишлоғида жойлашган ўрта мактабда таҳсил олди. У пайтларда қишлоқларда транспорт воситаси деярли йўқ эди. Шунга қарамай ҳатто қиш кунларида ҳам дарсларни қолдирмасликка интилди. 

 Ўрта мактабни битирганидан сўнг бир муддат хўжаликда ишлади. 1961-1962 йилларда Иштихон тумани марказида очилган бир йиллик ўқитувчилар тайёрлаш курсида таҳсил олди. Ўзи ўқиган бошланғич мактабда ўқитувчи бўлиб иш бошлаганда ёшгина йигит эди. Унга мактаб мудири Наврўз Фозилбеков устозлик қилди. Аммо, Нурмат аканинг билим олишга бўлган иштиёқи сўнмади. 1964-1970 йилларда Самарқанд Давлат университетитнинг тарих факультетида ўқиди. Ёш мутахассис қишлоққа қайтгач, мактабда илмий бўлим мудири вазифасида ишни давом эттирди. Ўзи билан бирга-бирга ишлашган Йўлдош Мирзанов, Маннон Ҳайитов, Нурмамат Ташанов ва Убайдулло Жумановлар билан ҳамжиҳатликда мактабда таълим-тарбия ишини яхши йўлга қўйди, бир қанча ютуқларни қўлга киритишда фаоллик қилишди. Натижада қишлоқдан барча соҳалар бўйича билимдон мутахассислар етишиб чиқди.

 Нурмат ота Намозов саксон ёшни қаршилаган бўлса-да ҳалигача матбуот шайдоси. Газета ва турли бадиий китобларни канда қилмай ўқиб боради. Бугунги кун ўзгаришларини тийран нигоҳ билан кузатади, фарзанд ва набираларига бу имконият ва шароитлардан унумли фойдаланиб, ўқиш-изланиш лозимлигини уқтиради. Айниқса, таълим-тарбия соҳасидаги янгиликларга ҳавас қилади. Ота касбини эгаллаб, айни пайтда 22-умумий ўрта таълим  мактабида фаолият олиб бораётган фарзанди Матёқуб билан кўп суҳбаташади, Турмуш ўртоғи Салтанат ая иккиси ҳалол меҳнат билан вояга етказган, бугун турли соҳаларда фаолият олиб бораётган етти фарзандининг барчасига доим ҳалол меҳнат қилишни қайта-қайта тайинлашдан эринмайди. 

 Устоз ҳар йили ўқитувчилар ва мураббийлар куни муносабати билан ўзини йўқлаб келадиган шогирдларини кўрганда жуда яйраб кетади. Умри беҳуда ўтмагани, мана шундай эъзоз ва эҳтиромга муносиб бўлгани учун шукроналар айтади. Фурсатдан фойдаланиб биз ҳам устозни касб байрами билан муборакбод этамиз!


Собир МАМАРАСУЛОВ.