ҚОНУНГА ХИЛОФ ҲАРАКАТ ЖИНОЯТ ЭКАНЛИГИНИ УНУТМАНГ!

Томорқа-кони фойда эканлиги тўғри гап. Лекин бу томорқа ва уватларга қандай экин экилганига ҳам боғлиқ. Айрим "қинғир одам"лар каби таъқиқланган экинларни эксангиз, фойда олиш ўрнига жиноятчига айланиб қолишингиз ҳам ҳеч гап эмас.


Афсуски, орамизда экинлари орасида гиёҳванд модда экиб фойда олишни ўйлайдиган кимсалар ҳам топилади. Энг ёмони, бундай шахслар айб устида қўлга тушганда "Бу ишга билмаган ҳолда қўл урдим, хато қилдим"-дея ўз айбини хаспўшлашга уринишади.

Аслида, ҳар қандай таъқиқланган ўсимликни экиб парваришлаш жиноят саналади. Амалдаги қонунларимизда бу хатти-ҳаракатларнинг тоифасига кўра жиноий жавобгарлик белгиланган ва қонунбузар шахслар албатта қилмишларига яраша жавоб берадилар.

Таъқиқланган экинлар экилганда унинг униб чиққан ёки чиқмаганлигидан қатъий назар экин майдони ўлчамидан келиб чиққан ҳолда Жиноят кодекси 270-моддасининг тегишли қисмлари билан квалификация қилинади. Бунда ушбу модданинг 1-қисми билан квалификация қилиш учун экин майдонининг ўлчами 250 квадрат метргача бўлиши кўзда тутилган.

Уюшган жиноий гуруҳ томонидан гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиниши эса жамият учун алоҳида хавф туғдиради. Жиноят кодекси    29-моддасининг 4-қисмига биноан уюшган гуруҳ деб икки ёки ундан ортиқ    шахснинг биргаликда жиноий фаолият олиб бориш учун олдиндан битта гуруҳга бирлашиши тушунилади.

Шундай кишилар ҳам борки, қонунга хилоф ҳаракатларни билган ҳолда содир этаётган айрим шахслар баъзан бошқаларни ҳам бу ишга жалб этишга ҳаракат қилишади. Қонунда бу қилмиш учун ҳам жазо бор. Айбдорнинг икки ёки ундан ортиқ шахсларда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни истеъмол қилиш майлини уйғотишга қаратилган ҳаракатлари, бу ҳаракатлар бир неча шахсларга нисбатан бир вақтнинг ўзида ёки уларнинг ҳар бирига нисбатан турли вақтда содир этилганлигидан қатъий назар Жиноят кодекси 274-моддасининг 2-қисми "в" банди билан квалификация қилинади.

Қонун-қоидаларга қатъий риоя қилиш ҳар бир инсоннинг ўзи учун фойдалидир. Қинғирлик эса ҳеч қачон яхшилик олиб келмайди.

Комил ПАНСАТОВ,

жиноят ишлари бўйича Иштихон туман суди раиси.