ҚИШЛОҚНИНГ ИЛМЛИ ЎҒЛОНИ

   Йиллар давомида қишлоқ хўжалиги соҳаси ва масъул вазифаларда фаолият кўрсатган Иштихон фарзандлари ҳақидаги китоб нашрга ҳозирланмоқда. Бу китобга      Сайдирасул Остонов  ҳақидаги ушбу лавҳа ҳам киритилган. 

     Сайдирасул ака билан бир қишлоқда ўлғайдик.  У кишиларнинг ёшлиги, бизнинг ўсмирлигимиз бирга кечган. Ўша вақтлар дарсдан кейин ҳамма қишлоқ хўжалик ишлари билан банд бўларди. Эрта баҳордан ғўза чопиғи, ягана,  пахта терардик. Отаси иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Остон бобо Холмирзаев жангда оёғидан қаттиқ яраланиб қайтган.  Шу ҳолда ҳам тиниб ўтирмасди, туну кун далада бўлар, кечалари ғўза суғорарди.

      У кишининг уч нафар фарзанди бўлиб Сайдирасул ака оилада  кенжа ўғил эди. 1950 йилда ҳозирги  Боғибон МФй ҳудудидаги Култепа қишлоғида туғилди. Ўша йиллар бу қишлоқда бор-йўғи беш-олти хонадон ҳаёт кечирарди.

      Сайдирасул Остонов 1966 йилда тумандаги 4-умумтаълим мактабини битирди. 1967-1971 йилларда Самарқанд қишлоқ  хўжалик институтининг аграномия факультетини имтёзли диплом билан тугатди.  Ўзи камолга етган хўжаликда энтомолог аграном бўлиб меҳнат фаолиятини бошлади. Шу орада ҳарбий хизматни ўтаб келди. 1972 йилда “Ўзсельхозтехника” туман бирлашмасида бошқарувчи бўлди. Пухта билим   эгаси эмасми тезда элнинг назарга тушди. Деҳқончиликни борасида у кишига тенг келадиган аграном  топилмасди.

      Туманнинг   маҳоратли раҳбарларидан бўлган Амирхон Мансуровнинг таклифи билан кўп тармоқли, йирик хўжаликка  раис этиб тайинланди. Тўрт йил  хўжаликни бошқарди. Устозининг таклифи билан Грузиядан маккажўхорининг “Папалашвили” нави уруғини келтирди. Мўл дон  етиштришга эришилди.Чорва моллари учун ширали озуқа ҳисобланган   рапс ва перко ўсимлигини экишни оммалаштирди.

     1980 йилдан қишлоқ хўжалик соҳасини  химиялаштириш тизими бўйича  янгидан ташкил топган туман бошқармасига раислик вазифасида ишлади. У кишининг тавсияси билан 1982 йилда  туман кимё идорасининг маъмурий бошқарув биноси ҳужжатлари тайёрланди ва объект қисқа вақтда қурилиб фойдаланишга топширилди. 1988 йилда вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, 1990 йилда  Самарқанд вилоят партия қўмитасининг қишлоқ  хўжалиги бўйича  котиби, 1991 йилда  вилоят қишлоқ  хўжалик бошқармаси бошлиғи вазифаларида фаолият олиб борди. 1982 йилда  давлат делегацияси таркибида Голландия мамлакатида сафарда бўлди. 1996 йилда Каттақўрғон туманига ҳоким этиб тайинланди.

      1998 йил 9-19 майда Италия давлатига хизмат сафарига боришди. Одамларнинг бир-бирига бўлган ҳурматидан жуда мамнун бўлиб қайтди. Машиналар сигнал бериб асабга тегмайди, менинг машинам зўр деб олдинга ўтиб кетишга шошилмайди. Чироқларни ёқади ва бир-биринит тушуниб йўл беради деган ажойиб  таассуротларни ўртоқлашди.

       Сайдирасул Остонов ҳар томонлама билимли ва қобилятли инсон эди. 1995-2005 йиллар яъни ўн йил Даҳбед қўрғонидаги Самарқанд қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва электрлаштириш техникуми директори бўлди. Ўқув масканининг ҳар тамонлама  равнақ  топишига эътибор қаратди. Техникум тарихини ёздирди, республика миқёсида техникумнинг 50 йиллик юбилейини ўтказди. Ўзбекистон Республикаси  қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги қарорига асосана   Жиззах, Қашқадарё, Бухоро, Навоий ва Самарқанд  вилоятларидаги техникум ва коллежлар орасида таянч ўқув юрти унвони берилди.

      Бундан ташқари 2004 йилда Германияда хизмат сафарида бўлиб қайтди.

      Бу ажойиб инсон  ҳар қанча фахрга арзигуликдир. Биз ҳамқишлоқлар  эришган  ютуқларини кузатиб қувонар, худди энг яқин кишимиздек  қалб тўридан жой олган эди. Бутун қишлоқ,  у кишини таниган-билганлар ютуқларидан мамнун бўларди.

      2017 йилнинг куз ойлари таҳририятда эдик. Телефонда нотаниш, лекин  қандайдир соғинчли бир овоз эшитилди.

      -Танимадинг, Сайдирасул акангман,--деди у киши.

         Иккаламиз қайта саломлашиб,  ҳол сўрашдик. Таҳририятга келаётганлигини айтди. Жуда хурсанд бўлиб кетдим. Кутиб олишга чиқишимни билдирдим.

     -Таҳририятни жуда яхши биламан. Адашмасдан топиб бораман,--деб жавоб қайтарди.

        Йиллар  2-3 километр йўлни  пиёда босиб туман марказига ишга қатнаганимизни эсладик, қишлоқдаги танишлар ҳақида бир лаҳза   роҳатланиб суҳбатлашдик. У киши кетиш олдидан энди тез-тез келиб туришини билдирди.  Аммо инсоннинг олдинда нима кутаётгани ҳақида бирор гап айтиш қийин экан.

        Сайдирасул Остонов қишлоқнинг ҳавас қилса арзигулик илмли, қобилиятли , ишончга сазавор бўлган  ўғли бўлиб кўнгиллардан жой олган эди. 


Гулчеҳра УСМОНОВА