ЯХШИЛИК БОҚИЙДИР

    Йиллар давомида қишлоқ хўжалиги соҳаси ва масъул вазифаларда фаолият кўрсатган Иштихон фарзандлари ҳақидаги китоб нашрга ҳозирланмоқда. Бу китобга Қурдош хожи Мамасолиев ҳақидаги ушбу лавҳа ҳам киритилган. 

    Қурдош хожи Мамасолиевнинг Иштихон жамоатчилиги орасида  ўзига хос ўрни бор.Укишини  кўпчилик ҳали ҳам  “раис бобо” деб аташади. Негаки, у киши ўша ёшлик йилларида  пахтачилик бригадасида ҳисобчилик қилган даврларидан буён элга фойдаси тегади, хайрли ишларга бошчилик қилиб келадилар. Табаррук ёшни қаршилашига қарамай  ҳамон эзгу   ишларни давом эттриб келмоқда.

       Қурдош Мамасолиев 1949 йилда оддий деҳқон хонадонида дунёга келди. Отаси оғир, вазмин, меҳнатсевар инсон эди. Онаси Нозима ая   боғча мудираси бўлганлиги учунми, уйда ҳам болалар  тарбиясига алоҳида эътибор билан қарар, ўн икки нафар фарзандининг қалбига илм,  меҳр уйғотишга интиларди. 

      Шундай ҳам бўлди. Бу оила фарзандлари  нафақат меҳнатсеварлиги, балки илмли, маънавиятли эканлиги билан ҳам ҳурмат қозонди.  Қурдош ака ўрта мактабни битиргач,  икки йил пахтачилик бригадасида ҳисобчиик қилди. Сўнгра Самарқанд қишлоқ хўжалик институтининг зоотехник- қоракўлчилик  факультетини имтиёзли  диплом билан битирди. 1974- 1975 йилларда Тожикистон Республикаси Чорвачилик илмий-текшириш институтида  катта илмий ходим бўлиб ишлади.

       Қишлоққа қайтгач, қарийб  ўн йил собиқ “Правда” жамоа хўжалигида бош  зоотехник вазифасида  фаолият кўрсатди. Кейин туман гўшт тайёрлаш корхонаси директори, собиқ Куйбишев   номли хўжалик бошқаруви раиси вазифаларида ишлади. Ана шу даврда хўжалик  ҳудудида  145 гектар майдонда  узумзор боғлар яратди. Вилоят Кенгаши депутати сифатида ҳамюртларини қийнаб келаётган муаммоларга ечим топиш , яна қанча яхши  ишларда ташаббускорлик кўрсатди.

       Тўқсонинчи йилларда  туманимизда 90-100 минг тонналаб ғалла етиштирилишига қарамай алоҳида дон қабул қилиш манзили йўқ эди.

 Қурдош Мамасолиев  1995 йилда  дон қабул қилиш  манзили барпо этиш  ишларига раҳбарлик қилди ва шу йилги ҳосил  янги  манзилда қабул қилиб олишига эришилди. 1994  йилдан эътиборан фермер сифатида  фаолият кўрсатаётган бу инсон ҳозирда ҳам  яхши фазилатлари билан кўпчиликка ибрат бўлаётир. 

        2009 йилда кексалик нафақасига чиққанидан кейин фермер хўжалигини  Тошкент Давлат иқтисодиёт университетини тугатган ўғли Содиқжонга топширди. Унинг ишини кузатиб  боради. Фермер хўжалиги аъзолари билан тўғри муомала қилади. Ғалла ва ғўза парваришида янгиликларни қўллашга интилади. Ҳосилдорлик ошаяпти, шунга яраша даромад ҳам ёмон эмас. 2014 йил 30 май қарори билан  Ўзбекистон Республикаси  касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши томонидан эълон қилинган  “Йилнинг энг яхши  мутахассиси”

танловида қатнашди ва   1- даражали Диплом билан тақдирланди.

         Қурдош  хожи Мамасолиев хонадони  Қорақишлоқ МФЙда энг аҳил оилалардан биридир. Отахон оила соҳибаси  Ипак ая билан  саккиз фарзанд,  ўттизга яқин   невара-чевараларнинг ардоғида.

        Улуғ ёшларни қаршилаб,  ўтган ҳаёт йўлига назар ташлар экан Қурдош Мамасолиев бир нарсага амин бўлади—умр ўткинчи, аммо шу умр давомида элга қилинган  яхшиликнинг умри боқийдир. Аслида ҳам дунёда яхшиликдан узоқроқ яшайдиган нарса йўқ. 

       Яна бир нарса яхши инсонлар ҳамиша элнинг ардоғида бўладилар. Бу  минг-минг йиллардан буён синовдан ўтиб келаётган ҳаёт хақиқатидир. Қурдош   Мамасолиевни ҳам шундай инсонлар қаторида тилга оламиз.


Гулчеҳра УСМОНОВА