ДЕҲҚОН БОЗОРИ КЎЧИРИЛМАС ЭКАН

Яқинда “Иштихон овози” газетасининг телеграм каналида “Кўча устидаги бозор” мақоласи эълон қилинди. Унда жумладан шундай дейилади:

     “Туман марказидаги деҳқон бозори ёнидан ўтган Навоий кўчасининг икки четига турли қўлбола савдо расталари ўрнатилган. Бу ерда озиқ-овқат, қандолат маҳсулотлари, мевалар, сабзавот ва кўкатдан тортиб гўштгача сотиляпти. Аммо, иссиқ ҳавода ҳеч қандай санитария қоидаларига риоя қилинмаётгани негадир бозор маъмуриятининг назаридан четда қолмоқда. 

Пиёдалар йўлаги тўсилиб қолган. Бунинг устига шундоқ кўчанинг устида ўрнатилган расталар ва у ерда савдо қилаётган сотувчи ва харидорлар автомобиллар қатновига халақит бериши билан бирга ўз ҳаётларини ҳам хавф остига қўйишмоқда.

Мутасаддилар тез орада бу ҳолатни баратарф этишади дея умид қиламиз.”

Одамлар орасида эса “Бозор бузилармиш”, “Бозорнинг жойи сотилармиш”, “Бозорнинг жойидан кўп қаватли уйлар қурилармиш” каби “миш-миш”лар тарқалди:

Бу ҳолат нима сабабдан юзага келганлиги ва уни қандай бартараф этиш мумкинлигини аниқлаш мақсадида “Иштихон деҳқон бозори” МЧЖ раиси Эркин Холмуродов билан учрашдик. У кишининг таъкидлашича, вилоят ҳокимининг 2019 йил 29 апрелдаги аппарат йиғилишида берилган топшириғига асосан туман ҳокимлигининг (1 май санасидаги 55-ф) фармойиши билан туман марказидаги деҳқон бозорини таъмирлаш ва ободонлаштириш мақсадида 1 майдан бошлаб 30 майгача бозор фаолияти вақтинча тўхтатилиб, бозор ҳудудида савдо қилаётган тадбиркорларни бошқа жойга кўчиришга қарор қилинган. Қарор ижросини таъминлаш “Иштихон деҳқон бозори” МЧЖ раиси Э.Холмуродов ва туман ҳокими ўринбосарлари Ш.Ибрагимов ҳамда У.Исламовлар зиммасига юклатилган.

-  Тадбиркорлар таъмирлаш ишлари бошланишидан олдин бу ҳақда огоҳлантирилиб, уларга вақтинча Иштихон-Митан автойўли ёқасидаги янги савдо мажмуасида фаолиятини давом эттириш таклиф қилинган. Бироқ у ерга харидорлар кўп бормаганлиги учун янги жойда савдо қилишни унчалик исташмаяпти.

Бозор ҳудудида таъмирлаш ишлари жадал давом этмоқда. Таъмирлаш ишлари Фахриддин Насриддинов раҳбарлигидаги “Азизбек Иброҳим” қурилиш фирмасининг 86 нафар қурувчи ва ишчилари томонидан амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 20 май санасигача асосий таъмирлаш ишлари якунланиб бозор яна  ўз фаолиятини давом эттиради, - деб воқеага изоҳ берди Э.Холмуродов