“АЛЛО, БУ ТАҲРИРИЯТМИ..?”

Яхши биламизки, ҳозирда турли вақтли матбуот нашрларига обуна жараёни кетмоқда. Давлат бюджетидан ойлик олувчи ходимлар учун мажбурий обунага йўл қўйилмаётгани эса  ижобий ўзгаришлардандир. 
Энди ҳар бир обуначи, рўйхатда кўрсатилганига эмас, ўзига керакли нашрни танлаб обуна бўлиши мумкин. Бугун бутун жаҳонда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам интернет нашрлар ахборот етказувчи асосий манба бўлиб қолди. Шунга қарамасдан ҳамон ҳаётимизда газетанинг ўз ўрни бор. Газета аввало, халқ, зиёлиларнинг жамият ҳаётида фаол қатнашиш, ўз фикрини оммага етказиш воситасидир. Аммо, бугун айрим зиёлиларимиз ОАВнинг ана шундай муҳим вазифасини унутиб қўяётгандек назаримда.
...Касб тақозоси билан турли масалалар юзасидан ҳар хил одамлар билан мулоқот қилишга тўІри келади. Юқоридаги фикрларимга исбот сифатида яқинда бўлган бир ҳолатни сизга ҳавола этмоқчиман.
Телефон жиринглайди:
-Алло, ассалому алайкум! Бу таҳририятми?
-Ҳа, эшитаман!
-Мен фалон мактабнинг она тили фани ўқитувчисиман. Газетага мақола бермоқчи эдим. Нархи неча пул бўлади?
Унинг мақсадини англагандай бўлсамда, яна сўрайман.
-Мақола бермоқчимисиз ёки эълонми?
-Шу-у... фан ойлигига яхши бир тадбир қилган эдик, шуни газетада ёритсак деган эдим.
-Мақолага пул олинмайди. Тадбир ҳақидаги маълумотларни ёзинг, расмлар бўлса янаям яхши.
-Ҳа расмлари бор. Фақат мақолани... ўзингиз, жумласини келиштириб ёзақолинг. Илтимос, бир ёрдам қилинг, қанча пул бўлса берамиз...
-Унақа гап йўқ дедим-ку, қўлдан келгунча ёзиб жўнатинг-чи!
Жўнатади. Таҳрир қилиб газетада чоп этамиз.
Ҳафта ўтиб муаллиф яна қўнғироқ қилади: "Ака, мақола нима бўлди?", "Чиқди-ку", "Қачон?", "Фалон сонда", "Илтимос расмга тушириб телеграммдан ташлаб юборинг", "Обуна бўлмаганмисизлар?", "Йўқ..."
Хуллас, савол-жавоб шу тарзда кечади ва бу кишини қаттиқ асабийлашишга олиб келади.
Жорий этилган тартибга кўра, ўқитувчи устама олиши учун матбуотда мақоласи чоп этилиши лозим. Айрим ўқитувчилар бунинг учун қанча пул бўлса ҳам беришга тайёр. Аммо, афсуски обунага эътибор йўқ!
Аслида, вақтли матбуот нашрлари ҳар бир оилага, қолаверса, зиёли саналган ўқитувчиларга фақат ўзи мақола ёзганда эмас, балки доимо керак эмасми? Кундалик воқеа ҳодисаларга бефарқ, газета-журнал ўқимайдиган ўқитувчидан дарслар жараёнида нима кутиш мумкин?

Олим ҚЎЧҚОРОВ