САНОАТ СОҲАСИДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Дарҳақиқат, ўзгаришлар, янгиликлар тўлқинланган   замонада  ҳаёт кечираяпмиз. Қайси соҳага назар ташламанг изланишлар самарасининг шоҳиди бўласиз. Айниқса саноат борасида олиб борилаётган ишлар билан танишиб аграр соҳага ихтисослашган туманнинг саноатлашган ҳудудга айланаётгани нурли келажакдан даракдир. Туман ҳокими ўринбосари, инвестиция ва ташқи савдо бўлими бошлиғи  Бекзод Игамқулов билан суҳбатимиз шу мавзуда бўлди.

  —Аввало бугунги кунда саноат соҳасидаги янгиликлар билан аниқроқ   таништириб ўтсангиз.

 — Айни вақтда туманда 13 та корхона,450 га яқин оилавий корхона, 360 дан ортиқ   саноат ишлаб  чиқариш, 140 га яқин қурилиш, 500 га яқин савдо ва 1000 дан ортиқ фермер хўжаликлари фаолият юритмоқда. Бу олдинги йилларга солиштириб сарҳисоб қилиб  қараганда ижобий самарани кўрсатади. Албатта, тадбиркорликнинг ривожи  маблағ билан боғлиқ. Туманда Хитой, Туркия, Россия ва бошқа   давлатлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Шу маблағлар ҳисобидан ишлаб чиқариш ҳажми ортиб, янги имкониятлар ишга солинмоқда. 

    —Хориждаги ҳамкорлар би

лан алоқалар  самаралари қандай кечаётир?.

   —Биз ўтган йили Туркия, Жанубий Корея, Хитой ва бошқа давлатларга бориб инвесторлар билан   фикрлашдик. Биздаги имкониятлар билан танишгач, биргаликда инвестицион лойиҳаларни йўлга қўйдик. Айни вақтда тумандаги   13 та корхонадан 6 таси хорижий корхона ҳисобланади. Шу йилнинг ўзида туманга  12 миллион долларлик хорижий сармоя киритишни режалаштириб, инвесторларни жалб этдик, уларга барча шароитларни яратиб бердик. Ишлар жуда қизғин кетаётир. Асосан қишлоқларда ҳаёт кечираётган  маҳаллий аҳолини ишга жалб этиш, шу тариқа уларни тадбиркорликка йўллаш, камбағалликни қисқартириш масалалари кўзда тутилмоқда. Шунга эътибор қаратилдики туманда бўш турган, фойдаланилмай келаётган 10 та объект тадбиркорларга берилди ва  янги   ишлаб чиқариш тармоқлари йўлга қўйилди.

     Яна туманда эътиборга лойиқ лойиҳалардан “Самарқанд—Баку”  қўшма корхонаси томонидан сув чиқмайдиган майдонлардан 160 гектар ерда узумзор автоматлаштирилган яъни томчилатиб суғоришга мўлжалланган   технологияси жорий этилди. Бу ҳам йиллар давомида  фойдаланилмай келинаётган ерларни даромад келтиришига имкондир.

      —Туманда амалга оширилажак янги режалар ?

      —Тупроғимизни бежизга олтинга қиёслашмайди. Қолаверса ўзбек мармарининг таърифи дунёга тарқалган. Юмшоқ, бемалол ҳар қандай рангга мойиллиги синаб кўрилган. Шунинг учун ҳам харидоргир. Ҳозир тоғнинг юза қисмида ишлар кетаяпти. Мармарни  қайта ишлаш корхонаси очилиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни режалаштириб турибмиз. Бундан ташқари ҳам яна бешта лойиҳа ишга тушади. Шу ернинг ўзида тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш режалари амалга оширилади. “Иш қуролинг соз бўлса машаққатинг оз бўлур” дейишади. Хорижнинг замонавий ускуналарида тайёрланган маҳсулотларга ҳам талаб юқори бўлади. Келажакда Иштихон саноати ривожланган ҳудудга айланади. Шу ўринда барча ҳамюртларимизни  мамлакат мустақиллигининг 29 йиллиги билан чин дилдан қутлайман!


Г.УСМОНОВА суҳбатлашди.