АНТИҚА СУҲБАТ

Қарийб икки-уч ойдан буён “дам олиб ётган” светафор жуда зерикди. 

 - Эҳ, бу карантин деганлари бунча чўзилмаса?- ўзига ўзи сўзлай бошлади у. – Жуда зерикдим ўзиям. Машиналар қатнови камайгани йўқ, ҳатто мени писанд қилмай мусиқа чалиб ўтишни авж олдиришди. Анави ҳайдовчининг ўпкасини қўлтиқлаб шошишини кўринг! Қани ҳозир чироқларим соғ бўлса, уни шартта тўхтатар эдим. Ҳадемай мактабларда дарслар бошланади дейишаяпти. Менинг эса чироқларим куйган. Уларни янгилаш эса ҳеч кимнинг хаёлига келмаяпти. Ҳойнаҳой марказдаги дўстларим яйраб-яйраб ишлашаётгандир. О, уларга қанчалик ҳавасим келаяпти!

- Ҳаяжонланма, улар ҳам сендан ўзиб кетишгани йўқ, - деган овоз эшитилди шу пайт. – Олисдан бўйлаб-бўйлаб қараб турибман. Марказдаги светафорлардан фақат биттасининг яшил кўзи ёниб ўчаяпти. Қолганлари - “жим”. Нима ҳам қилишсин, улар ҳам чироқларидан айрилишган. Столбаларга ўрнатилган ёрдамчи светафорлар пиёдаларга йўл кўрсатиб турибди. Ўнг   томондаги битта светафорда сариқ, чапдагисида қизил чироқ ишлаяпти. Ҳа энди навбат билан ишлаган яхши-да! 

 Светафор атрофга аланглай-аланглай бу ўзи маҳкамланган узун тўсиқнинг овози эканини англади. 

 - О биродар, яхшиям бўйинг узун, мен эса анча баландга ўрнатилганман. Йўқса, нақ қорнингга пиёдалар учун ўрнатилган светафорга ўхшаб кўзларимни ўйиб, ўзимни синдириб кетишармиди?- деди у ўзига суҳбатдош топганидан қувониб. – Қара, бечора қийшайиб, осилиб қолибди. Кел, сал баландроқ овозда гаплашайлик, зора овозимизни шу ердан машинасини учириб ўтиб кетаётган масъуллар эшитиб қолишса! Ахир, ҳадемай ўқувчи болажонлар жонажон мактаб бағрига қайтишади. Биз улар учун жуда-жуда керакмиз!

  Тўсиқ ҳам унинг гапларини тасдиқлагандай виқор билан томоқ қириб қўйди. Аммо, уларнинг суҳбатини тинглайдиган кимса бормикан?

Суҳбатни журналист Муқаддам ҲАЙИТОВА оққа кўчирди.