БАХТ КАЛИТИ ТОТУВЛИК ВА МЕҲНАТДА

- Маҳалламизда бир оила бор, кўрсангиз ҳавас қиласиз, - деб қолди суҳбатларимизнинг бирида Қорақишлоқ МФЙ мутахассиси Матлуба Икматова, - Уйларидаги шарт-шароит шаҳардагидан асло қолишмайди. Энг муҳими, бу имкониятларнинг барчасини оила аъзолари ўз ҳалол меҳнатлари билан яратишган. Ота –тадбирли, она эса оқила, меҳнатсевар!

 Бундай таърифдан сўнг ушбу тотув хонадон билан яқиндан танишиш истаги туғилди. Маҳалла фаоли Абдусалом Самадов, мутахассис Матлуба  ва профилактика нозири ----лар билан хонадонга ташриф буюрганимизда барча таърифлар ҳақиқат эканлигига ишонч ҳосил қилдик. Замонавий жиҳозланган айвон ва ошхона, табиий гуллар яшнаб турган ҳовли оила бекасининг орасталигидан далолат бериб турибди. Томорқадаги боғ ва экинзорга ярашиб турган асалари қутилари тартиб билан рақамланган. Оғилхонада чорва моллари, девор бўйлаб жойлаштирилган парранда уйчалари оила бошлиғининг тартибни яхши кўришини акс эттиргандек. Дастурхонда эса ёз неъматлари, чиройли идишлардаги табиий асалдан гул нектарининг муаттар ҳиди уфуради.


  -Тушлик яқин, ҳозир фарзандларим ишдан қайтишади,- изоҳ берди оила бекаси Ойнахон Жабборова,- Бунга мени раҳматли қайнонам ўргатганлар. Ўн етти ёшимда шу хонадонга келин бўлиб келганман.  Қайнонамнинг маслаҳат ва ибрати билан турмуш ўртоғим, оила аъзоларимиз учун ширин таомлар тайёрлаб, дастурхонни ўз вақтида, чиройли қилиб безаб қўйишга одатланганман. Энди эса ўз навбатида мен ҳам келинимга билганларимни ўргатаяпман.

 Яхши хислатларнинг авлоддан авлодга ўтгани қандай яхши! Шу боисдан ҳам ота-онасига қараб келин танлашдек ўзбекона удум ва анъаналарнинг қадри баланд. Агар эр-хотин бирдек меҳнатсевар, маънавиятли бўлишса, бундай инсонларга нисбатан “Узукка кўз қўйгандек муносиб” дея таъриф берадилар. Лавҳамиз қаҳрамонлари Усмон Раҳимов ва Ойнахон Жабборовалар ана шундай инсонлар сирасига киради.

 Усмон Раҳимовнинг асли касби ҳисобчилик, бир неча йиллар жамоа хўжалигида шу соҳада ишлаган. Мустақиллик шарофати билан тадбиркорликка кенг йўл очилгач, Усмонжон ҳам мустақил иш бошлади. Имкониятларини чамалаб кўриб, оила аъзолари билан маслаҳатлашган ҳолда чорвачилик, асаларичилик ишларини йўлга қўйди, томорқадан унумли фойдаланишга киришди. Ҳозирги кунда хонадонида 35 қути асалари парваришлайди. “Ibo-Nur-Fayz” фермер хўжалиги аъзоси сифатида 1 гектар токзор парвариши ҳам оила зиммасида. Шу билан бирга Усмон Раҳимов оқдарёлик тадбиркорлар билан биргаликда майиз етиштириш ва уни хорижга экспорт қилишни йўлга қўйди. Аҳоли томорқасидан чиқадиган майиз ҳосилини қайта тозалаб, шартнома асосида Туркия давлатига етказиб беришга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Бу эса шу ҳудуддаги учта қишлоқ хотин-қизлари учун иш ва қўшимча даромад деганидир.

  Фарзандлар ҳам албатта ота-онадан ибрат олиб улғайишади. Буни ушбу аҳил оила мисолида ҳам кўриш мумкин. Қизлари Мухлиса турмушга чиққан, бахтли оила бекаси. Шаҳзод эса Ўзбекистон Миллий Университетининг геология факультетида таҳсил олмоқда. Кенжа фарзандлари Бекзоджон эса болалигидан паррандачиликка қизиқди. Ҳали мактабда ўқиб юрган чоғларидаёқ паррандаларни парваришлаш, саломатлигини сақлашдек нозик ишга қўл уриб яхшигина даромад оладиган бўлди. У бу йил 48-умумтаълим мактабини битириб, ветеринария институтига ҳужжат топширди. 

 Ҳа, “Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик”-деганларидек, бу аҳил оила ўз меҳнатлари ортидан фаровон турмуш кечиришмоқда. Қиз узатиб, келин туширишди, яхши тўйлар қилишди. Юртимизда ана шундай аҳил оилалар кўпаяверсин!



Муқаддам ҲАЙИТОВА.

Сурат муаллифи: Дилмурод ҚИРОНОВ.