ЯНГИ ЎҚУВ ЙИЛИ: АНЪАНАВИЙ ҲАМДА ОНЛАЙН ОРҚАЛИ...

      Турли хил фикрлар билдирилмоқда.Кимдир дарслар анъанавий тарзда давом этади деса, бошқалар ОНЛАЙН дарсларини тарғиб қилаётир. Яна мактаблар   “умуман бўлмайди” деган  фикрларни билдираётганлар ҳам учрамоқда. 1- сектор ҳудудидаги   1-умумтаълим мактабида янги ўқув йили олдидан бўлиб ўтган семинарда туман ҳокими Ш.Негматов бу масалага ойдинлик киритди.

     Маълумки, мамлакатимиздаги барча умумий ўрта таълим мактабларида шу йилнинг 14 сентябридан бошлаб онлайн ва анъанавий   тартибда иш бошлайди. Муҳтарам Президентимиз янги ўқув йилига тайёргарлик кўришга бағишланган селектор йиғилишида  ишни қай тарзда олиб боришни аниқ белгилаб берди. Телеграм орқали 1 миллион  фойдаланувчи қатнашган сўровномада  70 фоиз ота-она  фарзанд соғлигиданг хавотирда бўлиб, онлайн ўқитишни, 30 фоизи эса пандемия шароитида ҳам   мактабга боришини билдирган.

  Мактабларнинг фаолият бошлаши,таълимни  юқоридагидек ташкил этилиши  ўқитувчи, умуман мактаб жамоаси зиммасига янада катта масъулият юклайди.   Бугунги кунда туманда  97 умумтаълим мактаблари мавжуд бўлиб, 47977 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Ота-оналарининг фикрлари тингланди. 

 

Анъанавий тарзда сентябрь ойидан тиклашга 36847 нафар (яъни  81 фоиз) ижобий фикр билдирган бўлса, 8626 нафар ота-она (19 фоиз) ўқишни бошламаслик   тарафдори эканлигини билдиришган.   Шунингдек,  санаси бўйича 7 сентябрь, 14 сентябрь, 2 октябрь  ва пандемия батамом тугаганидан кейин деган мулоҳазалар билдирилди.

         Анъанавий таълимни бошлайдиган  мактабларда ўқувчилар “Синф режими” тартибида ўқиши белгиланган. Энг аввало ўқитувчилар   коронавирусга тест топшириши, барча мактабларда алоҳида изоляция хоналари ташкил қилиш, ўқувчиларнинг хонама-хона кўчиб юрмасликларини таъминлаш таъкидланди.Синфхоналарда қўлни зарарсизлантириш воситалари, қўл ювиш жойлари учун алоғида хавфсиз ўрналар бўлиши зарур.

         Бундан ташқари барча тиббий ниқобда бўлиши, ниқобни қўллаш муддати 3 соатдан ошмаслиги керак. Танаффус вақтида ҳам ўқувчиларга эътиборли бўлиш, бошқа синфларга ўтиш ёки мулоқатда бўлиш ман этилади. Оммавий тадбирларни ўткизиш тақиқланади. Имкон қадар дарсларни  очиқ ҳавода ўтказиш тавсия қилинади. Бунда ўқувчилар соғлигига  салбий таъсир кўрсатмайдиган об-ҳаво инобатга олинади. 

       Коронавирус аниқланган ёки юқтиришда гумон қилинган фуқароларнинг фарзанадларини   ажратиш ва карантинга олиш зарур. Синфга дарс берадиган 3 нафар ўқитувчи ёки  шу синфда ўқийдиган 3 нафар ўқувчида хасталик белгилари аниқланса синф тўлиқ карантинга олинади ва онлайн ўқишлари ташкил этилиши керак.

        Шунингдек, семинар  иштирокчилари 1-умумтаълим мактаби кимё ва биология хоналари, бошланғич  синфлардаги ҳозирлик билан ҳам танишдилар.

Г.Усмонова