ЁШ БРИГАДИРНИ ҚИШЛОҚ АҲЛИ ЖУДА КЎП ЭСЛАЙДИ...

Йиллар давомида қишлоқ хўжалиги соҳаси ва масъул вазифаларда фаолият кўрсатган Иштихон фарзандлари ҳақидаги китоб нашрга ҳозирланмоқда. Бу китобга Қаюм ҳожи Тиркашев ҳақидаги ушбу лавҳа ҳам киритилган. 

    Инсон қаерда ва қандай лавозимда фаолият кўрсатмасин, уни фақат қилган савобли ишлари, инсонларга кўрсатган ёрдамигина дилларда қолади.  Яхшилиги, саховати қалбларга ўрнашади. Биз тилга олмоқчи бўлган Олимхон Мирзаев шундай инсонлар сарасига киради. Келинг, энг аввало у кишини яқинроқ таништириб ўтайлик. 1960 йил 10 ноябрда Иштихон туманининг Орлот қишлоғида таваллуд топди. Илк таълимни тумандаги 54-умумтаълим мактабида олгандан сўнг 1979 йилда Тошкент давлат қишлоқ хўжалиги институти Фарғона филиалининг аграномия факультетига ўқишга кирди. Институтда ўқиб юрган кезларидаёқ гуруҳида раҳбарлик қобилияти намоён бўлган Олимхон Мирзаев 1983 йилда институтни имтиёзли диплом билан тамомлади. 

     Шундан сўнг 1984-1985 йилларда ўз йигитлик бурчини ўтади, ҳарбий хизматда бўлди. Илк меҳнат фаолиятини эса 1986 йилда  ёшлар бригадасини бошқаришдан   бошлади. Ўша вақтда совхоз раҳбарияти билан келишган ҳолда бригада ишчи-хизматчиларига захира ерлар ҳисобидан 25 гектар ерга ток экиб берилган. Бундай эътибор ва  рағбатдан кейин  меҳнат самарадорлиги янада ошди. Бу самарадорлик довруғи кенг ёйилди. 1987 йилда эътиборга олиниб, КПСС, ВЦЕПС ва ВЛКСМ кўчма байроғи ва 3 млн сўм пул мукофотига лойиқ кўрилди. Ҳар бир  кишига  500 сўмдан 1500 сўмгача  пул мукофоти тарқатилганини ҳалигача одамлар  кўп тилга оладилар. Ахир ўша вақтларда бу энг катта маблағ ҳисобланарди. Шунда  ҳаёт синовларини ортда қолдирган кексалар “Ёш бригадирнинг қадами қутлуғ келди, жуда ишбилармон экан” деб мамнун бўлишган. Шундай бўлди ҳам. Олим Мирзаев навбатдаги савобли ишга бел боғлади. Ўша йилларда қишлоқ мактаби жуда эски ва таъмирталаб аҳволга келиб қолганлиги сабабли хўжалик директори Файзулла Абдуллаев бошчилигида 14 хонали янги мактаб биноси қурилди. Бундан қишлоқ аҳли ҳам жуда миннатдор бўлишди. У дамларни ва болаларнинг қувончини Олим Мирзаев ҳалигача сира ёдидан чиқармади...

    Йиллар жуда-жуда шошқалоқ. Куч-қувватинг, имконинг борида ҳаракатингни қилиб амалга оширадиган ишларингга улгуришинг керак. Олим Мирзаев белни боғлаб ҳаракат қилиш зарур эканлигини  яхши билар эди. Шу йиллар давомида бир неча лавозимларда фаолият олиб борди. Хусусан, 1989-1990 йилларда “Коммунизм”  хўжалигида 3-бўлим аграноми, бўлим бошлиғи, 1992-1994 йилларда “Амир Темур” ижара хўжалиги кадрлар бўлими бошлиғи, 1995-1997 йиллар “Хўжаобод” деҳқон хўжалиги раиси лавозимларида фаолият кўрсатди. 

     1998-2003 йилларда эса З.М.Бобур  номли ижара хўжалигига Олимхон Мирзаевни  раис этиб тайинлашди. Бу вақтга келиб  у анча масъулияни ҳис этадиган, қобилятли, ўз ўрнида талабчан раҳбар бўлиб улгурган эди.  Туман ҳокими Собир Муродовнинг ёрдами билан лалмикорликдан қўшимча 1000 гектар янги ерлар очиб ғалла экди. Шу билан ғалла майдони 3 минг гектарга етди. Ўша йилларда ғалла ва узумдан мўл  ҳосил олинди. Янги ерлар ўзлаштирилиб, токзорлар  ташкил этилди. Бригада аъзоларига ижара шартномаси асосида ерлар берилди. Халқнинг эртанги кунга ишончи орта бошлади.  2000 йилга келиб эса хўжалик хонадонларида енгил машиналар кўпацди,  чиройли иморатлар  қурилди, хонадонларда тўйлар бўлиб, одамлар энди янги орзу-умидлар   билан ҳаёт кечира бошладилар...

    З.М.Бобур номли хўжалик фақатгина вилоятда эмас республикада узумчилик соҳасида ўз ўрнига эга хўжаликлардан бўлиб танилди. Шундан сўнг ишончни оқлаган  Олимхон Мирзаев 2004-2006 йилларда Самарқанд давлат ўрмон хўжалиги бошқармаси биринчи ўринбосари, 2007-2017 йиллар Жомбой давлат ўрмон хўжалиги директори, 2018-2019 Самарқанд давлат ўрмон хўжалиги директори, 2019-2020 йиллар Самарқанд вилоят Ўсимликлар карантини давлат инспекциясида ички карантин бўлими бошлиғи, 2020 йилдан ҳозирги вақтга қадар Касаба уюшмалари Самарқанд вилояти бирлашма ижро интизоми бош мутахассиси лавозимида  ҳормай-толмай меҳнат қилиб  келмоқда.    

    Олимхон болалик дамларини кўп эслайди. Отаси Абдусамад Мирзаев   (1914-2014 йиллар яшаб ўтган, охиратлари обод бўлсин)   ғалла қабул қилиш манзилгоҳида омбор мудири бўлиб ишлаган. Юз ёшли юбилейларини нишонлаш насиб этган хожи бобони туман аҳли яхши хотирлайди.  Онаси  Қандолат Мирзаева (1919-2006 йиллар яшаб ўтган) хўжаликда меҳнат қилди, 10 нафар ўғил-қизларни камолга еткизиб  “Қахрамон она” бўлиб танилган  эди.

       Оилада ҳам масъулиятни ҳис этадиган, талабчан бўлган Олимхон Мирзаев турмуш ўртоғи Меҳрихол Мирзаева билан уч ўғил, икки қизни тарбиялашди. Уларнинг барчаси олий маълумотли, айни дамда ўзлари танлаган соҳалари бўйича меҳнат қилиб элга нафлари тегаётир. Нафақа ёшига етдим, энди набира қучиб ўтираман демасдан ҳалигача масъулият билан фаолият кўрсатиб келаётган Олимхон Мирзаев айни дамда етти нафар набиранинг бобоси. Яна анчагина ишларни бажаришни мақсад қилган. Ҳаётда билганларини фарзандлари, набиралари ҳамда шогирдларига ўргатишдан чарчамайди. Ҳар куни ҳар онини инсонларга яхшилик қилишга бағишлайди.


Илҳомжон БОБОЕВ