ХОЖИ БОБОНИНГ ДУОЛАРИ ИЖОБАТ БЎЛСИН!

  Йиллар давомида қишлоқ хўжалиги соҳаси ва масъул вазифаларда фаолият кўрсатган Иштихон фарзандлари ҳақидаги китоб нашрга ҳозирланмоқда. Бу китобга Қаюм ҳожи Тиркашев ҳақидаги ушбу лавҳа ҳам киритилган. 

  Халқимиз орасида “ Бир йигитга қирқ ҳунар ҳам оз”деган нақл асрлар оша тилдан тилга ўтади.  Дарҳақиқат,  барча соҳага қизиққан ,  фурсат топган кишига ҳамманинг ҳаваси келади. Чунки бекорчиликка вақти бўлмайди, ҳар лаҳзадан унумли фойдаланишга интилади ва умр йўллари меҳнати билан файзли кечади. Қаюм ҳожи Тиркашев ҳам  туманимизнинг фахри бўлган ана шундай инсонлардан биридир. Доимо ҳаракатда,   изланиш, интилишни  ёқтиради. Ҳали лалмикор ерларга буғдой экади, узумзорлар яратади, чорвачилимкни ривожлантириш ташвишида елиб-югуради.

     У  киши 1953 йил 1 июнда ҳозирги “Соҳибкор” МФЙда таваллуд топган. Собиқ савдо ходими, тадбиркор, тажрибали деҳқон, фермер ҳамда ишбилармон хўжалик раҳбари, буларнинг барчаси Қаюм ҳожи Тиркашев ҳаётига ўзига хос изоҳдир.

   1960-1970 йилларда ҳозирги 69-умумтаълим мактабида таҳсил олди. Қатор йиллар мобайнида Митан савдо бирлашмаси, сўнгра  туманнинг бошқа савдо шохобчаларида   фаолият кўрсатди. 1995 йилга келиб эса Митан қўрғонида янги ташкил этилган агрофирмада директор ўринбосари бўлиб ишлай бошлади. Шундан кейин тумандаги Соҳибкор хўжалиги, Амир-Темур номли ширкат хўжалигида раис бўлиб ишлади. 

   Қаюм ҳожи Тиркашев ҳар доим ўзига берилган ишончни оқлар, масъулиятни ҳис этарди . У 1997-1999 йиллар мобайнида Иштихон дон қабул қилиш манзилгоҳи мудири, 1999-2002 йилларда Иштихон туман Барлос фермерлар хўжалиги раиси, 2002-2006 йилгача Иштихон туман деҳқон фермерлар хўжаликлар уюшмаси раиси каби масъулиятли вазифаларда самарали фаолият кўрсатган. 2006 йилдан бугунги кунга қадар “Қўрлисой техникалари” агрофирма раиси лавозимида меҳнат қилиб келмоқда. Қаерда, қайси  соҳада  фаолият кўрсатмасин, самарадорликка эришиб келди.  Энг муҳими ўзи билан бир жамоада меҳнат қилаётган кишилардан ҳам тўғри ва ҳалол ишлашни талаб қилди. Чунки ҳалолликда барака бўлади.

   Узоқ йиллик ҳамда самарали меҳнатлари муносиб баҳоланди. Қаюм ҳожи Тиркашев Ўзбекистон Республикасининг  мустақиллигининг ўн йиллиги  ҳамда йигирма беш йиллиги кўкрак нишонлари билан тақдирланди. Бундан ташқари мустақиллик шарофати билан муборак ҳаж сафарида бўлиб қайтган бобонинг бундай имконитдан ниҳоятда руҳи енгил бўлди. У киши дунё илмлари билан бир қаторда диний илмларни ҳам мукаммал ўрганган.  Маҳалладаги ёшлар, фарзандлари ҳамда набираларига насиҳат қилишдан, яхши-ёмонни ажрата билиш, элга яхшилик қилиш, саховат чин инсонийлик  хусусида гапиришдан эринмайди. Уларга билганларини ўргатиб, тўғри йўл кўрсатиб келмоқда.

   Турмуш ўртоғи Эркатош Раззоқова билан 1975 йилда турмуш қуришди. Уларнинг икки нафар фарзандлари камолини кўриш насиб этди. Қизи Ҳабиба шифокор,  Барлос ҚВП да узоқ йиллардан буён самарали меҳнат қилиб келмоқда. Бундан ташқари “Болқи” фермер хўжалиги бошқаруви раисаси. Ўғли Шуҳрат Тиркашев эса ҳуқуқшунос. Ҳозирги вақтда Тошкент шаҳар жиноят қидирув бўлимида ишлаб келмоқда. Фарзандлар, набиралар камолидан  хурсанд.

   Қаюм ҳожи Тиркашев ва Эркатош Раззоқова 10 нафар набира ҳамда 1 нафар чеваранинг бобоси ва бувисидир.  Улар билан ҳаётлари сермазмун  ва инъом этилган  бахтли онларини бирга ўтказишдек толе насиб этди. Хожи бобо ҳар гал дуога қўл очганида энг аввало юртга тинчлик, хонадонларга тотувлик, ёшларга эса нурли истиқбол сўрайдилар. Хожи бобонинг дуолари ижобат бўлсин!


Гулчеҳра УСМОНОВА