ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРЛИГИГА ОЧИҚ ХАТ


Мана яна бир янги ўқув йили бошланиш арафасида. Бугунги кунда фарзандлари ўрта мактабда таълим олаётган ота-оналар олдида ҳар йилгидан фарқли бир масала кўндаланг турибди. Яъниким, Covid-SaRS-19 пандемияси билан боғлиқ ҳолатда фарзандларини мактабга юбориш ва ёки уларни уйда online таълим олишлари учун шарт-шароит яратиш (имкон топсалар албатта) каби муаммолар қийнаяпди. Вазирлик томонидан берилган расмий баёнот эса эълон қилинди. 

Мен врач инфектолог-эпидемиолог сифатида шуни тавсия қилардимки, аввало расмий баёнотдаги айрим жиҳатларни қайта кўриб чиқиш керак: 

Биринчидан, расмий баёнот дунё ҳамжамиятида кечаётган пандемия ҳолатининг аниқ, далилий ва таҳлилий маълумотлари билан нечоғли асосланди? Иккинчидан, Болаларнинг айни касалликка чалиниш эҳтимоли, юқиш ва тарқалиш йўллари нечоғли ўрганилди? 

Учинчидан, дунё халқлари орасида Covid нинг болалар ўртасидаги клиник-эпидемиологик кечиш хусусиятлари нечоғли ўрганилди? 

Тўртинчидан, ўқувчиларни мактабга жалб қилиниши нега энди ижтимоий сўровнома орқали ҳал этилади? Бу каби масалалар соҳа мутахассислари маслаҳати, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат Санитария-Эпидемиология осойишталигини сақлаш агентлиги ва Давлат Санитария-Эпидемиология бошқармасининг аниқ кўрсатмаларига таяниши керак эмасми?

Бешинчидан, бугунги кунда Республикада касалланиш кўрсатгичи бўйича берилган рақамлар ва унда касалланган болаларнинг касалланиш кўлами реал воқеъликка қанчалик мос эканлиги тўғрисида эпидемиологик таҳлиллар қилинганми?

Олтинчидан, бугунги кунда Республикада Болалар ўртасида ушбу касалликни тарқалиши ва клиник кечиш хусусиятларини, уларни даволаш усулларини тадқиқ этадиган ва Халқаро тадқиқот талабларига мос келадиган клиник-эпидемиологик тадқиқотлар ўтказилдими? Ўтказилган бўлса маълумотлар Халқаро маълумотларга нечоғли мос келади?

Еттинчидан, Коронавирус инфекцияси билан касалланган болаларда иккиламчи ва суперинфекциянинг клиник кечиши ҳақидаги тиббий таҳлилий хулосалар олинганми? Маълумингизким куз-қиш мавсумида болалар ўртасида Ўткир респиратор касалликлар, жумладан Сувчечак, Қизамиқ, Скарлатина ва Ўткир вирусли гепатит А касаллиги билан касалланиш кўрсатгичи ошади. Хўш Covid шу касалликлар заминида қандай клиник шаклларда ўтади? 

Саккизинчидан, Мактабларимизда касалликнинг профилактикасига оид дезинфекция ва антисептика талабларига тайёргарлик қай аҳволда? Синфхоналардаги иситиш тизимлари, вентиляция, санитария хоналари (ҳожатхона, ювиниш хоналари) мавсумга шайми?(Ҳатто қишлоқ мактаблари ҳам мустасно этилмаган ҳолда). 

Тўққизинчидан, Мактаблардаги тиббиёт хоналарининг моддий-техник таъминоти ва мутахассислар билан таъминланганлиги, қолаверса тиббиёт хоналаридаги ходимларнинг юқумли касалликлар ҳақидаги саводхонлиги, хусусан коронавирус инфекциясининг болаларда кечиш хусусиятлари ҳақида малакавий билим савиясига эгами? 

Ўнинчидан, педагог ходимларнинг ушбу касаллик билан касалланишини эрта мониторинг қиладиган тизимли ишлар амалга оширилганми? Улардан ўз вақтида Иммунофермент ва Преципитат (Полимераз) Занжир Реакция (ПЗР) каби тиббий таҳлилларни олиш ва таҳлил этиш ишларига нечоғли ҳозирлик кўрилган? 

Сўзимни охирида мутахассис сифатида навбатдаги тавсиям, ҳозирча (биринчи чоракда) таълимни тўлиқ online тарзда бошлаш керак. Зотан болаларимиз келажагимиз ва Аллоҳ ато этган бебаҳо бойлигимиздир. Уларни асраб-авайлаш эса зиммамизга фарзи-айн бўлган вазифалардан. 


Самарқанд вилоят юқумли касалликлар клиник шифохонаси шифокори, 

Педиатр, Болалар инфектологи ва Ультратовуш диагностикаси врачи 

Орифжон Худойбердиевич Комилов