МАДАДКОРСИЗ ДАДАЖОН!

Йиллар давомида қишлоқ хўжалиги соҳаси ва масъул вазифаларда фаолият кўрсатган Иштихон фарзандлари ҳақидаги китоб нашрга ҳозирланмоқда. Бу китобга дадам Меҳриддин Ўроқов ҳақидаги ушбу лавҳа ҳам киритилган.      

Инсон ўтганидан кейин у ҳақида кўп ўйлаб қолар экан киши. Ишларини тезроқ саранжом қилишга, мақсадига эришишга ошиққани умр ниҳоясини эслатгандек  бўлаверади.  

      Дадам Меҳриддин Ўроқов 1961 йил 7 сентябрда туманнинг Чамбил қишлоғида туғилган.   Дастлаб ҳунар техника билим юртини,  кейин Самарқад Давлат архитерктура олийгоҳинп имтиёзли тугатган.


     Деҳқон  бобом Раббим Ўроқов  ҳамда   Қаршигул онам 9 нафар фарзандларини   тарбиялашди. Дадам  2001 йилда дастлаб 7 гектар майдонида фермер хўжалигини бошлаган. ”Домла Аброрий УМР” номли бу фермер хўжалигининг 2011 йилга келиб   даромадлари анча ошди. 47  гектар майдонда  мўл ҳосил  етиштирдилар.   Дадам ишни кўзини биларди. “- Йилнинг келиши баҳоридан маълум бўлади” дер эдилар. Қурган иморатлари, етиштирган мўл ҳосили  кишининг ҳавасини келтирар даражада бўлар эди. Чигит экиш, суғориш, чопиқ эътибордан қолмасди. Фермер хўжалигимиздан ташқари каттагина боғимиз ҳам бор эди. Бу боғни дадам бор меҳри билан яратди, ҳар хил мевалар экди. Боғ ҳосилга кирганида эса   қишлоқ аҳли териб улгурмас, ҳосили мўл бўлди. 

    Оилада ҳам меҳрибон ва масъулиятли  эди. Биз фарзандлар учун ҳамма шароитлар муҳайё,  онам Муҳаббат Исмоилова билан 4 нафар фарзандларни  тарбиялашди. Биз фарзандларнинг ўзимизга бўлган ишончинимизни мустаҳкамлашга интилди, бир ишни қилсак  қаршилик қилмас эдилар.  Эркин қўяр, ўзи уриниб кўрсин, деган сўзни такрорлар эди. Даладаги ҳосил пишган бўлса йиғиштиринглар деб қўярди. Ҳар куни келиб тепамизда турмас, бу ишни уддалашимизга ишонарди. Шу сабаблими бир ишга киришсак масъулият билан бажарамиз. Муҳими   одамларнинг меҳнатини муносиб баҳолаши яхши фазилати эди.

   Ҳаётда кутилмаган синовлар инсонни тоблайди. 2011 йил 16 октябрда дадамнинг юрак хуружи туфайли кутилмаганда оламдан ўтиши оила аъзолари, яқинларимиз қалбини ларзага солди. Кўпчилик дадам бошлаб қўйган  ишлар, битмай қолган иморатларга ачинди. Фермер хўжалиги келажаги барбод бўлди деб ҳам ўйлашди. Онам, акам, опам, мен ва синглим биз бир-биримизга суянишдан бошқа чорамиз йўқ . Ўша вақтларда акам Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтининг 1-босқич магистранти, опамни турмушга беришга онам шошмасаларда дадам шошган эдилар. “Болаларни тезроқ уйли-жойли қилайлик” деган сўзни аямга кўп айтарди. Ҳар нечук битта бўлса-да невара кўриш, уни суйиб эркалашга улгурди. 

У киши ишдан чарчаган ва асабийлашган вақтларида 

 -Бунча ўзингиизни уринтирманг,  соғлигингизга ҳам эътибор беринг,- дердилар аям.

-Ҳозир ишлашимиз керак, фарзандларимиз кундан-кунга катта бўлаяпти. Уларнинг келажаги, яхши яшашлари учун бугун ҳаракат қилайлик - деб тиним билмасди.

      Дадамнинг ишини давом эттирадиган  инсон акам эди. Шундай бўлди. Гоҳ ўқишига гоҳида эса ишга шошар, туну кун ухламасди.  Оила бир тан бир жон бўлдик,  дадам бошлаган ишни охирига етказиш, фермер хўжалигини сақлаб қолиш учун ҳаракат қилиб, уддаладик. 

      Ҳар бир қилган ишимда қувонч ва ташвишимда, эришган ютуқларимда дадамни эслайман. Мен билан доим биргадек ҳаёлан сўзлашаман. Уларни жуда қаттиқ соғинаман. Ҳозир ҳаёт бўлганларида бизнинг бу ютуқларимиз ва фарзандларимизни кўриб қанчалар суюнишини ўйлаган кезларим кўп бўлади...

     Ҳозир “Домла Аброрий УМР” фермер хўжалигини акам Аброр Раббимов бошқармоқда. Мавжуд 125  гектар майдондаги  пахта ва ғалладан мўл ҳосил  етиштириб келаётир. Акамнинг  ишлай бошлаганига ҳам ўн йил бўлди. Бу вақт ичида қанча қийинчиликлар бўлишига қарамасдан фермер хўжалиги янада кенгайди, ривожланди.   Самарали меҳнатлари  тақдирланмоқда. Мустақилликнинг 25 йиллиги ,Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги кўкрак нишонлари, 2018 йилда “Илғор фермер” кўкрак нишони,      2017 йилда эса “Ёш фермер” кўрик-танловининг республика босқичида энг олий соврин “Гран-при”ни қўлга киритди. Республикамизнинг 39 нафар ёш фермерлар орасида меҳнатлари  юқори баҳоланиши акамни бениҳоя руҳлантирди. Негаки  бу муваффақиятларга фақат меҳнат билан эришди.

-Дадам мени 13 ёшимдан бошлаб ёнида олиб юрар эди. У кишининг ишларини синчиклаб кузатганим, жараёнларда иштирок этганим менга жуда асқотди. Дадам мени бекорга ёнида олиб юрмаган экан-- дея ўйлайман  дейди акам Аброр Раббимов. 

   Айни дамда фермер хўжалигининг 12  нафар доимий , 74  нафар мавсумий аъзолари ишлашади. Акамга суянчиқ турмуш ўртоғи янгам Мафтуна Бердиқулова доим елкадош. Акам Иштихон туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари вазифасида фаолият юритаётир.

    Акам Аброр Раббимовни ҳаёт синовларида тобланганлиги ўз исботини топмоқда. Ўз мақсад ва келажак  манзилини аниқ белгилаб,   дадил одимлаётганлигини  кузатиб хурсанд бўламан. Ҳа, халқимиз “От ўрнини той босар” дейдилар.” Сиз юрган йўллар бизга қадрли, ишларингиз ўз ўрнида давом этаётир дадажон!”  Бу сўзлар қалбимда ҳар лаҳза такрорланади. 


 Матлуба РАББИМОВА