ТАРИХНИНГ УНУТИЛМАС САҲИФАЛАРИ

 Замонлар саҳифасида қанчадан қанча воқеалар изи бор. Инсоният пайдо бўлганидан буён кўплаб силсилали даврларни ўз бошидан кечирди. Улар барчаси ўз тарихига эга. Ана шу улкан тарих китобида ўзбек халқининг ҳам ўз ўрни бор. Мустақиллик арафасида кенг нишонланадиган “Қатаоғон қурбонлари куни”да юртимизнинг ўтган кунларига яна бир бор назар ташлаймиз, истиқлол орзусида яшаб ўтганларнинг табаррук номларини ёдга оламиз.

  Маълумки, Октябрь тўнтаришидан бошлаб то собиқ Иттифоқ парчаланиб кетгунга қадар давом этган, айниқса, 30-40 йиллардаги сиёсий қатағонлар даври Ватанимиз тарихида жуда мураккаб давр эди. Бундай сиёсат то 50-йилларга қадар давом этди. Сира айби бўлмаган кўплаб ҳалол одамлар бошига мислсиз кулфатлар солди. Қатағоннинг энг юқори босқичига кўтарилган 1937-1938 йиллардаги “катта террор” кампаниясида ҳам юртимиздан минглаб одамлар қатағон қилинди, концлагерларга ташланди.

 Қатағон қурбонларини ўрганиш, уларнинг номларини абадийлаштириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 12 майда эълон қилинган фармойиши ва 22 июлда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маўкамасининг “Ватан ва халқ озодлиги йўлида қурбон бўлган фидойилар хотирасини абадийлаштириш тўғрисида” қабул қилган қарорларидан сўнг кенг йўлга қўйилди. Ана шу ҳужжатлар асосида “Шаҳидлар хотираси” хайрия жамғармаси тузилди. Тошкентда “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси барпо этилди.

 Қатағон сиёсати ҳақида гап борар экан, тарих жуда аянчли воқеаларга шоҳид бўлганлигини алоўида таъкидлаш керак бўлади. Бу сиёсат бутун Иттифоқ бўйлаб амалга оширилган. Албатта, ундан бизнинг мамлакатимиз ҳам четда қолмаган. “Катта террор” даврида, яъни 1937 йил 10 августдан 1938 йил 1 январгача бўлган вақтда Ўзбекистон бўйича фақат собиқ “қулоқлар”дан 5924 киши, жиноятчилардан 1679 киши, “советларга қарши унсурлар”дан 3097 киши, жами 10700 киши қамоққа олинган. Улардан 3613 киши 1-тоифа бўйича отувга, 7087 киши 2-тоифа бўйича 8-10 йил муддатга қамоқ жазосига, меҳнат тузатув лагерига ҳукм қилинган.

 Бу каби қатағонлар йиллар давомида турли кўринишларда давом этгани аён. Уларни таҳлил этар эканмиз, айрим ҳолатларда қатағон қилинганларнинг маълум гуруҳларига бир хил айблар қўйилганига гувоҳ бўламиз. 

 Бу воқеаларни таҳлил этар эканмиз, истиқлолимизнинг нақадар азиз ва беқиёс эканлигини ҳис қиламиз. Боболаримизнинг асрий орзуси бўлган мустақиллигимизни асраш, унинг қадрига етиш бизнинг бурчимиздир.


Муроджон АБДИЕВ,

тарих фани ўқитувчиси.