СИЗ ҚИЛГАН ИШЛАР БИЗ УЧУН УЛКАН ТАРИХДИР

  Йиллар давомида қишлоқ хўжалиги соҳаси ва масъул вазифаларда фаолият кўрсатган Иштихон фарзандлари ҳақидаги китоб нишрга ҳозирланмоқда. Бу китобга Тошқувват Ражабов ҳақидаги ушбу лавҳа ҳам киритилган.      

 Оналарнинг фарзандларига бўлган  меҳри беқиёсдир. Тошқувват  аканинг онаси Қантой Митанова ёлғиз ўғлига умид боғлади. “Ўзинг ёлғизсан болам илоҳим фарзандларинг кўп бўлсин, бирор қийин ишлар тўғри келиб қолса фарзандларинг мададкор бўлади” деб яхши ният қиларди.

  Тошқувват Ражабовнинг болалиги жуда машаққатли йилларга тўғри келди. 1953-1956 йилларда Чайжавул қишлоғидаги 2-умумтаълим мактабида ўқиди. Синфхоналар қоронғи, жуда зах эди. Кейин Шейхлардаги 4-умумтаълим мактабида ўқишни   давом эттирди. Отақул Тоғаев, Ўта Эргашев, Туйғунлй опа Азизова, Хана Шамгулова, Марям Шавгалиева, Норбек Давлатов, Омон Шодиев, Ражаб Қурбонов, Учқун Нурматов, Нарзулла Мусаев, Тайфуқ Халилов, Хушниёз Тожиев каби ўқитувчилардан таҳсил олди. Ўқувчилар Ҳотамхўжа, Холажон, Жарости қишлоқларидан 5-6 километр йўл босиб келишар, мактаб ётоқхонасида ётиб ўқишарди.

   Ўрта мактабни тугатгач, 1964 йилда СамДУга ҳужжат топширди. Аммо омади келмади. Шундан кейин  жисмоний тарбия техникумига ўқишга кирди. Техникумда ўқиш ҳам осон кечмади. Отаси раҳматли Сиддиқ бобонинг ҳафтасига берган 5-6 сўм маблағни эплашга тўғри келарди. Ўқишни битиргач, Навоий вилоятига ишга йўллашди.

  Бошқа вилоятда ишлаш жуда қийин.Туман  халқ таълими бўлими мудири раҳматли Тўхтамурод Аллаев ҳузурига киришга чоғланди. Қабулхонда ўтирган Вера опанинг мадади билан 4-умумтаълим мактабига жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиб  ишга кирди ва бу жамоада ишлаган кезлари ҳаётида унутилмас лавҳа бўлиб қолди.

  Азиз инсонлар Абдували  Ғиёсов, Хушвақт Дониёров, Назар Эшонқулов, Бахтиёр Исахонов,  Фарҳод Тожиев, Қилич  Камолов, раҳматли Самар Қўчқоров, Ўроз Дўстмуродов, Хушвақт Қаршиевлар билан дўстлашди, худди қариндошдек яқин кишиларга айландилар. Худди Шейхлар   қишлоғида ўсиб ўлғайгандек ҳар бир хонадон билан қадрдонлик ришталари боғланди.

   1972 йилдан бошлаб 2-умумтаълим мактабида жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиб ишлади. 1974-1980 йилларда СамДУнинг тарих факультетида ўқиб ўз билимини оширди. Шундан кейин “ Халқобод” хўжалигида маънавий ишлар бўйича раис ўринбосари бўлиб ишлади. Халқобод қўрғонида 5 минг ўринли стадион , 80 ўринли маданият саройи, 600 ўринли кинотеатр қурилди. Футбол командаси тузилди ва вилоят, республика мусобақаларида совриндор бўлди.

 Тошқувват Ражабов жуда серғайрат инсон. Райижроқум раиси Аҳмад Саноевнинг тавсияси билан  Халқобод фуқаролар йиғини раислигига сайланди. Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида ҳам ўқиди. Шу орада “Янгилик”  деҳқон хўжалигини ташкил этди. Кредит олиб  Семипалатинскдан  20 бош   “Белагалов” зотли моллар олиб келди ва уларни кўпайтирди. 

  -Бир куни ҳокимиятга чақириб қолишди,--хотирлайди Т.Ражабов.—Танишлар мени табриклашди. Ҳайрон бўлиб турганимда ижтимоий масалалар бўйича   ҳоким ўринбосари вазифасига тайинланганимни айтишди. Шу орада ҳоким ўринбосари  Н.Турсунов ўқишга кетди, ҳоким С.Муродовни  Хитой сафарига  йўллашди. Зиммамдаги улкан

 масъулиятни ҳис этган ҳолда иш бошлаганман. 

   Яхшиларга ёндашиш ҳам бахт. Собир Муродовдан элга бош бўлиш, бағрикенглик билан иш юритиш, Абдумўмин Жўраевдан тадбиркорлик, оқилона  фикрлаш, Саидаҳмад Усмоновдаги   ташкилотчилик фазилатларини  ёқтирди ва ўз ҳаётида шундай бўлишга интилди.

   Туман алоқа бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган кезлари  халқ билан янада яқин бўлди. Бўлим учун алоҳида бино йўқ эди, раҳбарнинг ташкилотчилиги билан шароитлар яхшиланди, хоналар таъмирланди, табиий газ ўтказилди, 30 та алоқа бўлимида ўзгаришлар бўлди. Туман аҳолиси 62 маҳалла фуқаролар йиғинига бирлашди, Оқсоқоллар Кенгашини бошқаришда фаоллик билан меҳнат қилди. Хаж сафарига бориш ҳам  насиб этди.

  Инсон умри фарзандлар билан роҳатбахшдир.  Қандолат онанинг тилаклари руёбга чиқди. Тошқувват ака 14 нафар фарзандларнинг тўй-тарадудларига  бош бўлиб ҳаёт кечирмоқда. Ҳа,  у кишини толе шундай бахт билан сийлади.  Ўтган умрига назар ташлар экан  ҳар лаҳза қалбида шукроналик туйғулари мавжланади. Чунки завқли умри бунга арзигуликдир.


Матлуба РАББИМОВА