ИШТИХОН МУЗЕЙИДАГИ БОЙЛИК!!!

   Бугунги кунда туман тарихи музейи фондида мингдан ортиқ турли ашёлар сақланмоқда. Улар орасида археология, этнография ашёлари, китоб ва газеталар, миллий ҳунармандчилик намуналари, тақинчоқлар ҳамда бошқа кўплаб асори атиқалар бор.Музей фондида сақланаётган ашёлар орасида Ҳофиз Шерозий (Шамсуддин Муҳаммад ибн Муҳаммадс(1326-1389)  қаламига мансуб девон нусхаси алоҳида ўрин тутади.    Қадимда Туронзаминда яшаган ҳар бир зиёли ўзбек, форс ва араб тилини мукаммал билган. Форс шеъриятининг энг яхши намуналари, жумладан, Ҳофиз ғазаллари ҳам севиб мутолаа қилинган.

Амир Темур Ҳофиз ижоди билан яхши таниш бўлган. Айниқса, унинг “Агар он турки Шерози ба даст орад дили моро, ба холи ҳиндуяш бахшам Самарқанду Бухороро” (“Агар кўнглимни ром этса ўшал Шероз жонони, қаро холига бахш этгум Самарқанду Бухорони”) деб бошланадиган ғазали кўпчилик орасида машҳур эди. 1387 йили Шерозни эгаллаган Соҳибқирон шаҳарнинг машҳур шахслари қатори Ҳофиз Шерозийни ҳам суҳбатга чақиришни буюради. Бу пайтда шоир анча кексайиб, моддий жиҳатдан ҳам қийналиб қолган эди. Уни букчайган ва юпун ҳолда Соҳибқирон ҳузурига олиб келадилар. Шунда Амир Темур ҳазиллашиб: “Мен бутун дунё бойлигини сарфлаб, Самарқанд ва Бухорони обод қилсаму, сиз уларни бир гўзалнинг қора холига бериб юбормоқчимисиз,” дейди. Ҳозиржавоб шоир: “Ана шу сахийлигим туфайли ҳозирги аҳволга келиб қолдим-да”, деб жавоб беради. Бундан завқланган Соҳибқирон шоирни катта совға-саломлар билан кузатиб қўяди…


Мумтоз ўзбек шеърияти намояндалари учун Ҳофиз шеърияти ўзига хос маҳорат мактаби бўлган. Сайфи Саройи, Ҳофиз Хоразмий, Саккокий, Атоий, Лутфий, Навоий, Бобур, Машраб, Нодира, Амирий, Мунис, Огаҳий сингари турли даврларда яшаган ўзбек шоирлари Ҳофиз шеъриятини ўзларига намуна деб билганлар. Жумладан, Алишер Навоий Ҳофиз ғазалларини ниҳоятда севган, уларни доимо мутолаа қилган ва шоирнинг бадиий маҳоратига юксак баҳо берган. “Насойим ул-муҳаббат” асарида Ҳофиз ҳақида бундай дейди: “Алар лисон ул-ғайб ва таржумон ул-асрордирлар. Басо асрори ғайбия ва маонийи ҳақиқийяки, сурат кисватида ва мажоз либосида адо қилибдурлар”. Яъни, Навоий Ҳофизни илоҳий сирларнинг таржимони, илоҳий ишқни дунёвий ишқ кўринишида (ҳақиқат маъниларини мажоз либосида) баён этган шоир ҳисоблайди.

Соҳибқирон 1393 йили бош кўтарган Форс ҳукмдори Шоҳ Мансур устига яна қўшин тортади ва шиддатли жанглардан кейин Шерозни эгаллайди. Бир ойга яқин шаҳарда туриб қолади. Сўнгра Ироқ сари юришини давом эттиради ва ўғли Умаршайхни Форс вилоятида қолдиради. Умаршайх тахт талашишлардан вайронага айланган жойларни обод қилади, бир йилга яқин ҳокимиятни адолат билан бошқаради. Соҳибқирон уни Бағдод сари юришга чақиради. Умаршайх аскарлари билан Курдистондаги Хармоту қалъаси яқинидан ўтаётганида, ногаҳоний отилган камон ўқи бўйнига келиб тегади ва шу заҳоти ҳалок бўлади. Уни вақтинча Шероз шаҳрида дафн қиладилар. Сал кейинроқ жасади хотинлари ва ўғли амирзода Искандар ҳамроҳлигида Шаҳрисабзга жўнатилади. Форс вилоятини бошқариш эса Умаршайхнинг катта ўғли, ўн яшар Пирмуҳаммадга топширилади. Пирмуҳаммад то 1410 йилгача Форс ҳукмдори бўлган. Умаршайх ёки Пирмуҳаммад Ҳофизнинг қабри тупроғидан ўз Ватанларига юборган бўлсалар ажаб эмас. Чунки Соҳибқирон Амир Темур ўзи забт этган ҳудудлардан авлиёлар ва улуғ зотларнинг ҳокларини Турон тупроғига олиб келганлиги яхши маълум.

Ҳофиз Шерозий ўз давридаёқ катта обрў-эътиборга эга бўлган. Уни бир қатор подшоҳлар ўз саройларига чорлаган. Ривоятларга кўра, Соҳибқирон ҳам шоирни ўзи васф этган Самарқанд ва Бухорони келиб кўришга таклиф қилган. Аммо, шоир кексалиги ва узоқ сафарни кўтаролмаслигини айтиб, узр сўраган. Шерозда у Қуръон тиловат қилиш ва хаттотлик билан кун кечирган. Чунки у шоирликдан ташқари Қуръони Каримни ўн тўрт усулда қироат билан ўқийдиган қори ва чиройли ҳуснихат соҳиби эди.


Зафар МУХТОРОВ,

туман тарихи музейи директори.