“Эврилиш ва ўзгаришлар” матбуот кўзгусида

Хуллас, бизнинг мамлакатимиз ҳам  ана шундай кутилмаган инқилобий ва тадрижий ўзгаришлар таъсирида  катта тарихий йўлни  босиб ўтди. Мустамлакачилик хуружларини бошидан ўтказди.Ўн тўққизинчи асрнинг иккинчи ярмида Марказий  Осиёда   чор Россияси босқини рўй берди. Халқимиз ўтган асрнинг  90 йилларигача қарамлик ҳолатида ҳаёт кечирди.1991 йилда СССР деб аталган улкан империя  парчаланиб кетди. Собиқ  Иттифоқдош республикалар ўрнида  мустақил давлатлар пайдо бўлди.1991 йил 31 августда  Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилди. Мана шу оламшумул тарихий воқеага ҳам ўттиз йилга  яқин вақт ўтди.

Хўш, ана шу давр ичида мамлакатимиз матбуотида   қандай ўзгаришлар содир бўлди ва   мамлакатда  юз берган  воқеа-ҳодисалар ривожи матбуотда қандай акс этди? Ушбу мақолада туман газетаси фаолияти мисолида матбуотимизда бўлган ўзгаришларни  баҳоли қудрат       таҳлил қилмоқчи бўлдик. 

Миллий матбуотнинг тараққиётига назар  соладиган бўлсак, бу минг йилликларга бориб тақалади. Қадимда ахборот йиғиш ва тарқатиш билан воизлар, дабирлар, мирзалар, жарчилар, қаландарлар, нотиқлар, шоирлар, бахшилар ва    бошқа касб эгалари шуғулланганлар. Улуғ авлиёлар  Мансури Халлож, Воиз Кошифий ва унинг  ўғли Али Сафий, Бобораҳим Машраб, Пошохўжа ва унинг   ўғли  Ҳасанхўжа Нисорий ўз даврининг улуғ воизлари  ва нуқтадон нотиқлари бўлишган.  

ўарбда эса матбуот  Шарқ алломалари тасирида ХVVI асрлардан бошлаб  пайдо бўла бошлаган. "Газета" сўзи италянча "чақа пул" деган маънони англатади. Ўтмишда ахборотлар  кичик-кичик варақларга ёзилиб, чақа пул баҳосида тарқатилган. 1631 йилда Францияда Т.Ренодо деган киши томонидан "За газетти"          ("Za gazette") номи билан газета чиқарилган.Шундай қилиб Европада ХVII асрдан бошлаб газеталар пайдо бўла бошланган. "Лейпцитер цайтунг" (Германия) 1661 йилдан, "Дайли курант" (Англия) 1702 йилдан, "Ведомости" (Россия)  1702 йилдан, "Журнал де Пари" (Франция) 1777 йилдан йилдан бошлаб фаолият кўрсатган.Тарихий манбаларда Хитойда  эрамизнинг VII асридаёқ     "Диабо"  яъни "Пойтахт" деб номланган газета чиқарилганлиги  ёзиб қолдирилган.

Туркистонда  Х1Х асрнинг охирида матбуот кўртаклари пайдо бўлди. 1870-1917 йиллар давомида "Туркестанские ведомости",  "Туркистон вилоятининг газети",        "Саддойи Туркистон", "Тараққий","Хуршид", "Саддойи Фарғона",      "Турон","Эл байроғи", "Улуғ  Туркистон","Турк эли" ва бошқа газеталар чиқариб келинган."Тараққий" газетаси ташкил топган сана 27 июнь мамлакатимизда  "Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни" сифатида байрам қилиб келинмоқда.

Шўролар ҳукмронлиги даврида матбуот ва оммавий ахборотнинг бошқа воситалари ривожига алоҳида эътибор  берилди.1940 йилга келиб республиканинг деярли барча вилоят ва туманлари ўз газеталарига эга эди. Бундан ташқари Тошкентда йигирмадан ортиқ   марказий газета-журналлар  фаолият кўрсатди. Умуман, бу даврга келиб Ўзбекистонда икки юздан ортиқ  газета-журнал чиқарилаётган эди.

Туманимиз ҳудудида газета чиқариш 1934 йилдан бошланган. 1984 йилда туман  газетасининг 50 йиллиги нишонланди. Шу муносабат билан камина газета муҳаррири сифатида  Самарқанд ва Тошкентнинг нуфузли архивларида бўлиб, туман газетасининг дастлабки сонларини   қидирдим ва Тошкент архивидан туман газетасининг 1935 йил 7 февраль санаси билан  чиқарилган           7-сонини топдим. Агар газетанинг ҳафтада бир марта чоп этилганлигини ҳисобга олсак,   "Иштихон овози"нинг ўтмишдоши 1934 йил       декабрдан бошлаб чиқарилганлигини тахмин қилиш мумкин эди.

Чор Россияси ва шўролар даврида матбуотнинг ягона ҳукмрон  мафкурага хизмат  қилганлиги рост. Туркистонда дастлаб газеталар ташкил этишда  Чор маъмурларининг халққа маърифат тарқатиш,   уни маданиятли қилиш мақсади йўқ эди. Унда маҳаллий халқни мустамлакачилик  асоратида ушлаб туриш, бой иқтисодий ресурсларга эга бўлган Туркистондек улуғ мамлакатни рус капиталининг беминнат хом ашё базасига айлантириш  мақсадлари мужассам эди. Аммо ўша давр матбуоти билан бирга Туркистонга ғарбнинг иқтисодиёт, илм-фан, техника     тараққиёти соҳасидаги илғор ғоялари ҳам кириб келди, десак хато бўлмайди. Бу  соҳада жадидлар Чор маъмурлари ва уларнинг  маҳаллий гумашталари истакларига қарши ўлароқ маҳаллий аҳолининг миллий онгини шакллантириш, ўзлигини англаш, илм- маърифат ғояларини тарғиб қилишда ўша давр матбуотидан ўринли фойдаландилар.

Ўтган асрнинг йигирманчи, ўттизинчи йиллари матбуоти ҳақида ҳам юқоридагидек гапларни айтиш   мумкин. Бунда фақат тарғиботнинг  ранги ўзгартирилди, холос. Оммавий ахборот воситалари ҳар хил "қизил сўзлар" билан бўяб бежалди. Бу    даврга келиб жадидлар миллий ғояларни тарғиб қилишда ана шу йиллар матбуотидан фойдаланишга ҳаракат қилдилар. Бироқ бу ҳаракатлар шафқатсиз равишда бостирилди. Жадидлар  ҳаракатининг    Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори, Фитрат каби кўзга кўринган арбоблари жисмонан йўқ қилинди. Улар аввало ўткир қаламли журналист, оташин публицист эдилар.

Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги даврларда оммавий газеталар сони янада кўпайди. Етмишинчи йиллларга келиб Ўзбекистонда 16 та   республика газетаси, 31 та вилоят,10 та шаҳар,100 дан ортиқ туман,60 та кўп ададли газеталар ўзбек, рус, тожик, қозоқ, қорақалпоқ, татар, инглиз, араб ва бошқа тилларда нашр қилинар эди. Туманимизда эса "Колхоз ҳаёти" деб номланган газета фаолият кўрсатди.    Унгача туман ҳудудида "Сталин йўлидан" 1934 йилдан бошлаб 1956 йилгача, "Коммунизм йўли" 1956 йилдан 1958 йилгача чиқариб турилди. 1963 йилдан бошлаб газета "Колхоз ҳаёти" номи билан 1989 йилгача чоп этилди.1989 йилдан 1991 йилгача "Октябрь йўлидан" деган ном билан алмаштирилди.Ниҳоят 1991 йилдан бугунги кунгача  газета    "Иштихон овози" номи билан фаолият кўрсатмоқда.

Туман газетаси мустақиллик йилларида ҳам техник жиҳатдан, ҳам мазмун жиҳатдан мукаммаллаша борди. "Иссиқ" усулда босиладиган кўримсиз газетадан янгича кўрк ва мазмун билан бойиган рўзномага айланди.

Газетанинг бундай қиёфага эга бўлиши осон кечгани йўқ, албатта. Мустақилликнинг дастлабки йилларида газета таҳририяти катта иқтисодий ва техник синовларни  бошдан ўтказди. Газета адади камайди, ҳаётни ёритишдаги тезкорлиги     пасайди. Бундай аҳвол республикамизда чиқарилаётган бошқа газеталар фаолиятида ҳам акс этди. Матбуотда сон ортидан қувиб, сифат ва мазмунга эътибор берилмаганлигини яққол кузатиш мумкин эди. 2000 йилга келиб Ўзбекистондаги газеталар сони 417 тага етган  эди.

Мустақиллик  йилларида матбуот ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини ислоҳ қилиш бўйича кўплаб фармон ва қарорлар қабул қилинди. "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида", "Журналистлар  фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида", "Рекламалар тўғрисида", "Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида", " Ноширлик фаолияти тўғрисида" ги қатор қонун ҳужжатлари туман газетаси ишини қайта қуришда муҳим аҳамият касб этди.

Журналистларнинг бугунги ҳаётига ҳавас қилса арзийди.Уларнинг эркин ижод қилишлари учун барча шароитлар яратилган. Замонавий иш қуроллари, компьютерлар, барча интернет сайтлари улар хизматида. Имкониятлардан фойдаланган ҳолда исталган жойдан хоҳлаган маълумотни олиш мумкин.

Ҳа, замонлар ўзгармоқда, давр тезкор. Замон билан, давр билан бирга кета оладиган ҳар қадамда учрайдиган эврилиш ва ўзгаришларни чуқур ҳис эта оладиган журналистларнинггина омади чопади, фикр қилишдан бир дам тўхтаган, мушоҳададан чалғиган ижодкор  турмушдан орқада қолади. Туман газетаси ижодкорлари  ана шу талабни чуқур ҳис этган ҳолда  қалам тебратишмоқдалар.  Мен кекса ижодкор, фахрий журналист сифатида ёш  ҳамкасбларимга бу соҳада доимий  омад, соғ-саломатлик ва бахт-саодат тилайман!


Зайниддин БАҲРИДДИНОВ,

фахрий журналист.