ТЎҒРИЛИКНИ ЁҚЛАЙДИГАН ИНСОН

Йиллар давомида қишлоқ хўжалиги соҳаси ва масъул вазифаларда фаолият кўрсатган Иштихон фарзандлари ҳақидаги китоб нишрга ҳозирланмоқда. Бу китобга Наби Шакаров ҳақидаги ушбу лавҳа ҳам киритилган.      

Биз Наби Шакаровни яхши биламиз. Жуда салобатли бўлиб, ўйчан боқар, қаршисидаги кишини  ҳаяжонга соларди. Бундай инсонларнинг элга ибрат бўлгулик фазилатлари ҳар лаҳза беихтиёр ёдингга тушади. Камтаринлик,   меҳнатсеварлик, ҳамиша ҳақиқат томон интилишларига ҳавас қиласан  ва кўрганларинг ҳаёт ҳақиқати бўлиб кўз олдингдан ўтаверади.

Умр бўйи турли масъул вазифаларда фаолият кўрсатиб келган Наби Шакаров  ҳамиша тўғриликни ёқлайдиган, ўйлаб иш кўрадиган, эҳтиёжманд кишиларни ҳимоя қиладиган ва иш, оилада фарзанд тарбияси  борасида жуда қаттиққўл, талабчан инсон эди.

Наби Шакаров 1924 йил 15 октябрда Қўшработ қишлоғида дунёга келган. Отаси Шакар бобо алпли уруғидан, онасининг исми Улмон бўлган.  Ёлғиз опаси Шарифа  аяни жон қадар азиз  билган.Уларнинг оиласи   дастлаб Қўшработда, кейин Кўктунли қишлоғида  яшаган. 1942 йилда Ватан олдидаги йигитлик бурчини ўташга чақирилади. 

Шундан Иккинчи жаµон урушининг энг оловли нуқталарида мардлик ва жасорат намуналарини кўрсатди.   У кишининг иккита жуда  чаққон ити бўлган.  Жанг майдонларида ҳамиша ҳамроҳлик қилганини кейинчалик кўп гапириб берарди. “Горизонт” лақабли ити  ҳар қандай имо-ишорани тушунар, топшириқларни  уддалаб келарди. “Вольт” лақабли  овчаркаси эса  взводи билан ўрмонда пайти душманнинг  ертўлага яшириниб  олганлигини сезиб қолган, бир нафарини ичкаридан судраб чиққан ва 10 нафар немис аскарларини  қўлга олишга сабабчи бўлган. Наби Шакаров  ўқ отишда маҳоратли бўлган, тўғри нишонга ола билган. Ғарбий округда   отиш мусобақаларида  қатнашиб фахрли иккинчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлган. 

Жангчи кўксида порлаб турган "Қизил Юлдуз" ордени, "Жасурлиги учун", "Жанговар хизматлари учун" медаллари тоғдек бақувват гавдасини янада салобатли кўрсатарди. 1945 йил Иккинчи жаҳон уруши ғалаба билан  якун топганидан кейин ҳам тўрт йил,  яъни 1949 йилгача Украинада уруш қолдирган асоратларни тугатишда қатнашди.

1949 йил кўкламида ўз она юртига қайтди. Лекин қувонч билан кутиб оладиган яқинларини кўриш насиб этмади. 1945 йилда опаси Шарифа она оламдан ўтган, келишига атиги икки ой қолганида волидаси Улмон  ая ҳам вафот этган бўлади. Ёлғиз ўзи тушкунликка тушади. Аммо, вақт ўтиб аста-секин ўзини тутишга, далил бўлишга ва қийинчиликларни ортда қолдиришга интилади. Қўшработ туман ижтимоий таъминот бўлимига инспектор, "Қўшработ" хўжалигида  партком секретари, туман ҳокимлигида ташкилий бўлим мудири вазифаларида ишлайди. 

1955 йилда   Маъқул она билан турмуш қурадилар. 1957 йилда Қўшработ тумани тугатилиш арафасида райижроқўм  раиси ўринбосари, 1957 йилда Митан тумани партия қўмитасида ташкилий бўлимни бошқаради. Қаерда, қайси вазифада ишламасин билдирилган ишончни оқлашга интилади. 1959 йилда Митан  тумани тугатилганидан кейин  Наби Шакаров Иштихон туманига ишга юборилади. 

Инсон меҳнати билан улуғ. У киши йиллар давомида  раҳбарлик  вазифаларида фаолият кўрсатсалар-да  камтаринлиги, меҳнатсеварлик фазилатлари билан элга танилди.  Туман партия қўмитасининг иккинчи котиби, райижроқўм раиси, туман йўл курилиши идораси бошлиғи, Азиз Йўлдошев (собиқ Фрунзе номли) хўжалик бошқаруви раиси бўлиб ишлади. Ўша даврнинг энг юксак мукофотлари "Меҳнат Қизил байроқ", "Ҳурмат белгиси" орденлари билан тақдирланди. У киши 1994 йил 19 декабрда  70 ёшларида оламдан ўтди. 

-Отам ҳақида жуда кўп сўзлайман. Қанчалик масъул вазифаларда ишласа-да оилада биз 7 нафар фарзандга жуда талабчан эдилар. Камтарона ҳаёт кечирганмиз. Ўзимизни ҳеч қачон "Фалончининг ўғлиман"  деб   бошқалардан баланд тутмаганмиз.  Мустақил ҳаракатимиз билан ҳаётда ҳар биримиз ўз ўрнимизни топишга  интилдик. Отам ҳар биримиз учун ибрат намунаси бўлиб қалбларимиздан жой олди,-дейди ўғли Неъмат ака Шакаров.

Ҳа, бундай инсонларни асло унутиб бўлмайди,  уларнинг ҳаёт йўли ибрат намунасидир.


Гулчеҳра УСМОНОВА.