ВАТАН, СЕНИ БОРИНГЧА СЕВДИМ!

   Мустақил Ўзбекистонимиз яна бир ёшга улғайди. Мамлакатимиз борган сари замонавий давлатга айланиб бормоқда, халқчил ислоҳотлар одамлар қалбидаги эртанги кунга бўлган ишончни мустаҳкамламоқда. Халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, қишлоқларни обод қилиш мақсадида “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ва “Обод хонадон” дастурлари энг чекка ҳудудларга ҳам янгиланиш нафаси, бунёдкорлик руҳини олиб кирмоқда. Одамларда янада яхши яшашга интилиш кучайиб бораётир, қишлоқларда турмуш маданияти ошиб бормоқда. 
   Кейинги йилларда мамлакатимизда сиёсий, ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ислоҳ этиш, қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги ўзгаришлар жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳар бир инсон ўз орзу-интилишларини рўёбга чиқариши учун зарур шарт-шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 
    Энг муҳими, бу ўзгаришлар ва янгиланишлар фақат ва фақат мустақиллик туфайли бўлаётганини ҳар бир юртдошимиз ҳис этиб турибди ва бундан мамнун. 
    Айни дамда бутун жаҳон мамлакатларини қуршаб олган “каронавирус” инфекцияси юртимизга ҳам кириб улгурди. Карантин даврида ўтган беш ой мобайнида халқимиз бир тан бир жон бўлмоқда. Кам таъминланган ва ёрдамга муҳтож оилаларга зарур озиқ-овқатлар етказиб берилди. Саховатли инсонлар томонидан ҳам хайрли ишлар амалга оширилди. Халқимизнинг бирдамлиги Сардобадаги тошқини оқибатларини бартараф этишда яна бир карра синовдан ўтди. Одамлар ҳатто нафақа пулларини бутлигича, болалар эса кийим-кечакларини ўз тенгдошларига туҳфа этишди. Жойларда улкан “Саховат ва кўмак”карвонлари мамлакатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида Сирдарё сари йўл олди. Буларнинг барчаси олийжаноб халқимизнинг ўз юртдошлари тақдирига бефарқ эмаслигининг исботидир.
     Синовлар инсонни тоблайди, халқни бирлаштиради. Тинч ва осойишта ўтаётган ҳар бир кунимизга шукур қилиб яшайлик. Бу гўзал ҳаёт мустақиллигимиз неъмати эканлигини унутмайлик. Не-не инсонлар учун юртимиз истиқлоли армонга айланди, шу қутлуғ йўлда боболаримиз асрлар давомида заҳмат чекди. Шундай экан, биз ёшлар энг бахтли инсонлар бўлайлик, юртимизга хизмат қилиб, уни дунёдаги энг қудратли мамлакатга айлантиришга ўз ҳиссамизни қўшайлик!

         Матлуба РАББИМОВА