МУҚАДДАС ИБОДАТ ХИСЛАТЛАРИ

Мана муқаддас рамазон ойи бошланди. Барча мусулмонлар қаторида биз ҳам ислом дини фарзларидан бири бўлмиш рўза амалларини адо этишга киришдик.

Маълумки, муқаддас ислом динининг асосий улуғ рукнларидан бири рўза ибодатидир. Рамазон очлик, ташналик, нафсни қийнаш билан Аллоҳ таолога тақво ҳосил қилинадиган буюк ойдир. Аллоҳ таоло бандалари учун ҳар икки дунё саодатини кўзлаб бу ибодатни исломнинг улуғ фарзлари қаторига қўшган. Рўза нафақат Муҳаммад (с.а.в)нинг умматларига, балки аввалги пайғамбарларнинг умматларига ҳам буюрилгандир.

Рамазон рўзаси Хазрати Пайғамбаримиз (с.а.в) Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг, ҳижратнинг иккинчи йили шаъбон ойида фарз қилинган. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 183-оятида марҳамат қилади: "Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсангиз." Ушбу ояти карима билан динимизнинг бешта асосий устунларидан бўлган рамазон рўзаси фарз бўлди.

Рўза энг узун ибодатлардан бири саналади. Бу ибодат бизнинг ўлкаларда кун энг қисқарган вақт - қиш фаслига тўғри келганида ҳам 10-12 соат давом этади. Ёз ойларида эса 17-18 соатга етади.

Рамазон ойи рўзасини иймон билан, Аллоҳдан савоб талаб қилиб тутувчи ҳар бир кишини қанчалик табрик этса, шунчалик оз бўлган ойдир. Расулуллоҳ (с.а.в) "Кимки рамазон рўзасини иймон эътиқод ва Аллоҳдан савоб умид қилиб тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади"- деб марҳамат қиладилар.

Рўза улкан одоб-ахлоқ мактабидир. Унда мўмин киши кўпгина хислатларга эга бўлади. Рўза нафс балосига қарши жиҳоддир. Рўза туфайли –инсон ўзига ман қилинган нарсаларга сабр қилишни ўрганади. Бу муқаддас ибодатнинг яна бир фойдали жиҳати шундаки, рўзадор ўз саломатлигини тиклаб олади. Пайғамбаримиз (с.а.в) "Рўза тутинглар, соғлом бўласизлар" дея беҳудага айтмаганлар. Рўза ҳар хил касалликлардан халос этиш билан бирга киши баданида тўпланиб қолган турли кераксиз моддалар, ёғ, туз ва бошқа нарсаларни ҳам йўқотади. Ушбу ибодат туфайли мўмин киши бировнинг кўнглини оғритмаслик, омонатига хиёнат қилмаслик, ёлғон сўзламасликка одатланади, ичиш, чекиш сингари зарарли иллатлардан фориғ бўлади.

Яна бир муқаддас ибодатни адо этиш арафасидамиз. Яқинда мўмин-мусулмон ҳамюртларимиз ана шу қутлуғ фарзни адо этишга киришадилар. Бу йўлда барчангизга куч-қувваат, аҳдда собитлик ва қалбингизга эзгу ҳислар тилаймиз. Аллоҳ таоло ихлос билан адо этган ибодатларингизни қабул айласин, тинчлик-хотиржамлик ато этсин.

Абдулҳамид ҳожи ЯХШИЛИКОВ,


туман бош имом-хатиби.