“БИР СУД – БИР ИНСТАНЦИЯ” тамойили қандай имкониятлар яратади?

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида кейинги 3 йилда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга қаратилган 20 дан ортиқ қонун, фармон ва қа-рорлар қабул қилинди.
 Мазкур ҳужжатлар билан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, унинг нуфузини янада ошириш, судья¬ларни танлаш ва тайинлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди. Маълумки, демократик ислоҳотлар самараси, тинчлик ва тараққиётнинг асосий гарови Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш билан бевосита боғлиқ. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига амал қилиш, ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш мамлакатимизда барпо этилаётган очиқ, эркин ва адолатли жамиятнинг бош мақсадидир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони эса ана шу мақсадни амалга оширишда муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлиб хизмат қилади.

  Фармонда фуқаролар ва юридик шахсларга қулайлик яратиш ва улар оворагарчилигининг олдини олиш мақсадида 2021 йил 
1 январдан бошлаб суд тизимига «бир суд – бир инстанция» тамойилини жорий этиш ва шу билан боғлиқ суд тизимида бир қатор ташкилий-тузилмавий ўзгаришларни амалга ошириш белгиланди. Шунингдек, судларда ишни кўриб чиқиш босқичлари янада соддалаштириш орқали самарали суд тизимни яратиш кўрсатиб ўтилди. Хусусан: суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш; туман судларининг қарорларини вилоят судлари томонидан, вилоят судларининг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Олий суднинг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида кўриб чиқиш; апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Олий суд судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқиш; Олий суд судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Олий суди раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарларининг протестига кўра кассация тартибида кўриб чиқиш тартиби жорий этилади. Бугунги кунга қадар маъмурий судларимиз маъмурий-ҳуқуқбузарликка доир ишларни кўриб чиқаётган эди. Эндиликда, мазкур фармон билан маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишлар жиноий ишлар бўйича судларга ўтказиладиган бўлди. Вилоят маъмурий судлари ва вилоят марказида жойлашадиган туманлараро маъмурий судларда маъмурий ишлар ва оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар кўриб чиқилади, холос. Жаҳон амалиётини ўрганганимизда ҳам шунга гувоҳ бўлдикки, маъмурий судлар оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракати ва улар чиқарган қарорлари устидан шикоятларни кўриб чиқади. Туманлардаги маъмурий судлар тугатилиб, унинг штат бирликлари туманлардаги жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади. Вилоятларда ташкил этиладиган туманлараро маъмурий судларнинг штат бирликлари ҳар бир вилоятнинг аҳолиси, кўриладиган иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда белгилаб берилган. Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётини янада юксалтириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга мақсадга оширилмоқда. Бунинг учун республикада жозибадор инвестицион муҳитни яратиш ва иқтисодиётимизга кўплаб сармоя жалб қилиш, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмини яратиш алоҳида аҳамият касб этади. Амалдаги процессуал қонунчиликда белгиланган тартибга кўра, инвестицион низолар фуқаролик, ҳам маъмурий, ҳам иқтисодий судлар томонидан кўрилмоқда. Бу эса ўз навбатида инвестицион низоларни ҳал этишда ягона суд амалиётини шакллаштиришни қийинлаштирмоқда.Шу мақсадда фармон билан Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркибини тузиш белгиланди. Бунда, Судлов таркибига инвестиция киритилган санада 20 млн АҚШ долларига тенг миқдордан кам бўлмаган суммада инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар ва давлат идоралари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобат бўйича келишмовчиликларни ҳал этиш ваколати берилмоқда. Ушбу низолар бўйича инвестор ўз хоҳишига кўра, бевосита судлов таркибига ёки вилоятлар иқтисодий судларига мурожаат қилишлари мумкин бўлади. Эътиборлиси, Олий суд судлов таркиби ҳам биринчи инстанция сифатида ишни кўриб чиқиши мумкин.
Албатта, мамлакатимизга сармоя киритмоқчи бўлаётган хорижлик инвесторлар ҳам бу ерда қонун ижроси қандайлиги, иқтисодий низолар қандай ечилишига қизиқиб кўришлари табиий. Қолаверса, бундай низоларнинг миқдори кўп бўлгани боис, улар сифатли кўрилиши керак. Шунинг учун ҳам биринчи инстанция сифатида вилоят судлари ва Олий суд судлов ҳайъати белгилангани ҳам инвесторларнинг манфаатлари қонун йўли билан ҳимоя қилинишини англатади.
Бугунги кунда соҳа масъуллари олдига жамиятда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш маданиятини шакл¬лантириш, шу орқали мамлакатимизнинг халқаро нуфузини янада юксалтириш вазифаси қўйилган. Шундай экан, бунинг учун судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фақат халқ манфаати йўлида оғишмай хизмат қиладиган идораларга айланиши зарур.
Буларнинг барчаси эса, суд остонасига қадам қўйган ҳар бир фуқарода адолат борлигига қатъий ишонч ҳосил бўлиши учун хизмат қилади.

В.АСҚАРОВ,
Самарқанд вилоят маъмурий
судининг судьяси.
С.СОДИҚОВ,
Иштихон туман маъмурий
судининг раиси.