Ҳуқуқингизни биласизми? МЕҲНАТ НИЗОЛАРИ ҚАЙ ТАРТИБДА КЎРИБ ЧИҚИЛАДИ?

Савол: - Ҳомиладор аёл ёки 3 ёшга тўлмаган фарзанди бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчи томонидан бекор қилинганида судга мурожаат қилиш мумкинми?
 - Албатта мумкин. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 237-моддасида: “ Ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг  ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйлмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади. Мазкур аёлларни ишга жойлаштиришни  маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштириш даврида қонун ҳужжатларида белгиланган тегишли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширади”-деб кўрсатилган.
 Судлар томонидан меҳнат низолари билан боғлиқ фуқаролик ишларини амалдаги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси ҳамда Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракт)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланиши ҳақида”ги қарори талабларига риоя қилган ҳолда кўриб чиқиш белгилаб қўйилган.
  Бу тоифадаги ишларни кўришда фуқаронинг меҳнат қилиш билан боғлиқ ҳуқуқлари бузилган ёки бузилмаганлигини ҳар томонлама ўрганиб, атрофлича ёндошиб, низо юзасидан асосли хулосага келиш мақсадга мувофиқдир.
 Юқоридаги ҳолатда, яъни ҳомиладор ёки уч ёшгача фарзанди бўлган аёл кишининг мурожаати ҳал этилишида судья тарафларни чақириб, даъвогардан даъво талаблари аниқланиши, жавобгардан даъво аризаси юзасидан эътирознома олиши, ишга учинчи шахсларни жалб қилиш масалаларини муҳокама қилиши, далилларни талаб қилиб олиши лозим бўлади.
 Яъни, мазкур тоифадаги ишларни кўришга тайёрлаш жараёнида судья ходим билан иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномаси ва ходимни ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқларни, какасб уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органининг ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш масаласи бўйича қабул қилинган қарори нусхаси,даъвогарнинг қарамоғида бўлган меҳнатга лаёқатсиз шахслар сони, оилавий аҳволи ҳақида маълумотнома, даъвогарнинг ўртача ойлиги ҳақидаги маълумотнома, ходим бажариши лозим бўлган меҳнат вазифаларини уддалай олмаётганлигини тасдиқловчи далиллар талаб қилиб олиши керак бўлади.
 Мазкур тоифадаги ишларни кўриб, ҳал қилув қарори чиқараётганда судлар томонидан далилларга баҳо берилади, иш учун аҳамиятга эга бўлган қандай ҳолатлар аниқланганлиги, қандай қонун қўлланилиши лозимлигини аниқлайди.Бу эса судларнинг меҳнат низолари билан боғлиқ ишлар юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилиш масаласига алоҳида масъулият ва эътибор билан ёндошиш кераклигини кўрсатади.
 Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 16-моддасига кўра ходимнинг асосий меҳнат ҳуқуқлари белгиланган. Ҳар бир ходим ўз меҳнати учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақидан оз бўлмаган миқдорда ҳақ олиш; муддатлари чегараси белгиланган иш вақтини ўрнатиш, бир қатор касблар ва ишлар учун иш кунини қисқартириш, ҳар ҳафталик дам олиш кунлари, байрам кунлари, шунингдек, ҳак тўланадиган йирик таътиллар бериш орқали таъминланадиган дам олиш; хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган шароитларда меҳнат қилиш; касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш; иш билан боғлиқ ҳолда соғлигига ёки мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш; касаба уюшмаларига ҳамда ходимлар ва меҳнат жамоаларининг манфаатларини ифода этувчи бошқа ташкилотларга бирлашиш; қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда , боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш; ўзининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шу жумладан, суд орқали ҳимоя қилиш ва малакали юридик ёрдам олиш; жамоаларга доир меҳнат низоларида ўз манфаатларини қувватлаш ҳуқуқига эгадир.Хулоса қилиб айтганда, ходим ҳам, иш берувчи ҳам меҳнат муносабатларига киришишларидан олдин меҳнат қонунчилиги, ички меҳнат тартиби қоидалари ва меҳнат шартномасининг шартлари билан батафсил танишиб чиқиб, меҳнат қонунчилигида белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларга тўлиқ риоя этишса, юқоридаги каби низолар юз бермас эди. Ҳар қандай низо қонун доирасида ҳал этилиши шарт.

А.ЖАБРИЕВ,
фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро
судининг раиси.