СУДЛАР ФАОЛИЯТИ ИСЛОҲ ҚИЛИНМОҚДА

Ўтган қисқа даврда судларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, суд кадрларини танлашнинг демократик ва шаффоф механизмини шакллантириш бўйича тизимли ишлар жорий этилди, ягона суд амалиётини таъминлаш мақсадида Олий суд ва Олий хўжалик суди фуқаролик, жиноят, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди. 
 Бунда ҳар бир вилоятда жиноий, фуқаролик ва иктисодий судларнинг алоҳида-алоҳида фаолият юритиши, бир-биридан мустақил иш кўриши фуқаролар ва тадбиркорларнинг у суддан-бу судга қатнайвериб, сарсон бўлишига сабаб бўлмоқда. Бу ўз навбатида жойларда турли хил норозиликларни келтириб чиқармоқда. Бундан ташқари судларда ягона суд амалиётини шакллантиришга тўсқинлик қилмоқда, масалан муайян қонун нормаси судлар томонидан турли хил талқин этилмоқда, бу ўз навбатида суд қарорлари сифатига таъсир қилмоқда, охир-оқибат фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини қонуний муддатларда таъминлаш тамойили бузилмоқда.
   Ўрта бўғин умумий юрисдикция судларининг алохида фаолият юритиши халқаро стандартлар талабига ҳам жавоб бермайди. Нега деганда хорижий давлатларнинг бу борадаги тажрибасига эътибор қаратилса, ўрта бўғин умумюрисдикция судлари фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича ягона суд сифатида фаолият юритиб келаётганини кўриш мумкин.
 Фармонга кўра, жорий этиладиган судлар янги тузилмасида битта раис ва унинг жиноят, фуқаролик ҳамда иқтисодий ишлар бўйича қатъий ихтисослашган ўринбосарлари бўлади, бу судларнинг бошқарув тизимини такомиллаштиради, фуқароларнинг муаммоси шу вилоятнинг ўзида ҳал бўлиши таъминланади.      
 Ҳозирги кунда ҳар бир вилоят судида 4 нафардан 15 нафаргача судьялар фаолият юритаётган бўлса, янги ташкил этилаётган умумюрисдикция судларида 19 нафардан 47 нафаргача судья ишлайди. Мазкур бирлаштиришдан сўнг штатлар сони деярли уч баравар ошса, иш юкламалари ҳам тўғри тақсимланади, ишларнинг бир вилоятдан иккинчисига олиб берилиши натижасида фуқароларнинг сарсонгарчиликларига барҳам берилади.
 Хулоса қилиб айтганда янги Фармон суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга, жиноят судлов ишларини соддалаштиришга, суд қарорларини қайта кўришнинг бир бирини такрорловчи босқичларини бекор қилишга, инвесторлар ҳуқуқларининг ишончли суд ҳимоясида бўлишини таъминлашга, шунингдек суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга ва энг асосийси фуқаролар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш даражасини юқори поғанага кўтаришга хизмат қилади.    
   
 
Б.Алиқулов,
 жиноят ишлари бўйича 
вилоят судининг судьяси.                                                                 
К.Пансатов, 
жиноят ишлари бўйича 
туман судининг раиси.