“ ҚИЗИЛ ТОШМА” ЁКИ “ҚИЗИЛЧА”

Гоҳида шундай бепарволиклар ҳам учрайди. Қизамиқни “қизил тошма” дейишади ва тезкорлик билан даволатишга ошиқмайдилар. Бу дардни оғир ўтиши,асоратлар билан кечишига сабаб бўлади.Дарҳақиқат, қизамиқ  ўткир юқумли касаллик.тана ҳароратининг кўтарилиши, юқори нақфас йўллари, кўз шиллиқ пардасининг яллиғланиши ҳамда баданга  қизил, йирик  доғли тошмалар тошиши билан кечади. Қизамиқ ер юзида кўп  тарқалган инфекциялардан бўлиб, асосан ёш болалар, айрим ҳолларда катталарда ҳам учрайди. Инфекция манбаи  шу дард билан оғриган бемор ҳисобланади.Юқори нафас йўллари шиллиқ пардалари,кўз конъюнктиваси орқали кирган қизамиқ вируси кўпайиб кейин қонга тушади. Босқичма-босқич кечади, яширин даври 9-11 кун, бошланғич даври 3-4 кун давом этади. Бу вақтда тана ҳарорати  39 гача кўтарилади, юқори нафас йўллари, кўз конъюнктиваси қизаради, бемор қуруқ йўталади, ёруғликка қарай олмайди, товуши ҳам бўғилиб қолади.Бола безовта бўлиб, ўйқуси ҳам оромли кечмайди.Бошланиш  даврининг 2-3 куни лунж шиллиқ қаватида қизил шардиш билан ўралган майда, нуқтасимон оқ доғлар кўринади.Бу қизамиқнинг белгилари.Бу  тошма тошишидан олдин  кўриниб, 1-2 кун ўтгач йўқолади. Тошма қулоқ орқаси, лунж, пешона ва бурунга тошади кейин юз, бадан ва қўл-оёққа тарқалади. Тошмаларнинг босқичма-босқич тошиши  қизамиқда муҳим аҳамиятга эга. Юздаги тошмалар қорая бошлайди, жигарранг доғларга айланади ва 7-10 кунгача сақланиб туради.Хасталик сезилар-сезилмас енгил кечиши ҳам мумкин.Озгина илғадингизми дарҳол шифокорга учрашинг. Дарҳол бемор болани соғлом болалардан алоҳида ажратиш ёдингиздан кўтарилмасин.Қизамиққа қарши эмлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Беморни уйда, имкон қадар шифохонада даволатинг. Энг муҳими ”қизил тошма” ёки “қизилча” деб эътиборсиз бўлманг!

С.Юлдошев,
туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар 
бўлими бошлиғи.