ТУРИЗМНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА ЯНГИ ҚАДАМ

Маълумки, яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Туризм соҳасини санитария-эпедемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.
   Қарорда:
 а) 2021 йил 1 январдан 2023 йил 31 декабрга қадар меҳмонхонага белгиланган тартибда берилган тоифа сақланган тақдирда тегишли йил якунига кўра жойлаштириш воситасининг тоифаси учун ундирилган туристик (меҳмонхона) йиғим суммасининг 50 фоизи жойлаштириш воситаларига қайтарилиши;
  б) жойлаштириш воситалари томонидан, шу жумладан халқаро бронлаштириш майдонларида мувофиқлик белгисидан (юлдузлар) ноқонуний фойдаланганлик ҳолати меҳмонхона хизматларини кўрсатиш учун берилган сертификатнинг амал қилишини қоидабузарликнинг белгиланган тартибда бартараф этилгунига қадар тўхтатиб туриш учун асос бўлиб ҳисобланиши белгиланди.
     2020 йил 1 августдан бошлаб:
  рейслар сони ва йўналишлари бўйича чекловларни бекор қилишни, шунингдек, хорижий авиакомпанияларга бешинчи даражадаги «ҳаво эркинлиги»ни тақдим этишни назарда тутувчи «Очиқ осмон» режими «Андижон», «Бухоро» ва «Урганч» халқаро аэропортларида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ жорий этилади; 
  хорижий авиакомпаниялар уларнинг тегишли ҳужжатларини текшириш натижаларига кўра Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг (ИКАО) учиш хавфсизлиги ва авиация хавфсизлиги бўйича стандартларига мувофиқ бўлиши шарти билан ҳаво қатнови тўғрисидаги ҳукуматлараро битимнинг мавжудлигидан қатъи назар «Очиқ осмон» режими жорий этилган халқаро аэропортларга доимий қатновларни амалга ошира олади; 
  мамлакатнинг «Очиқ осмон» режими жорий этилган халқаро аэропортларига қатновларни амалга ошираётган хорижий авиакомпанияларга тариф ва йиғимлар уч йил давомида Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган авиакомпаниялар учун белгиланган миқдорда қўлланилади; 
  инвесторларнинг йўловчи ташувчи янги дор йўлларини («Чорвоқ» эркин туристик зонаси ҳудудида ташкил этилаётганлардан ташқари) тегишли хавфсизлик даражасини таъминлаган ҳолда қуриш ва жиҳозлаш учун йўналтирилган харажатларининг бир қисми уларни 2023 йил 31 декабрга қадар фойдаланишга топшириш ва узунлиги бир томонга камида 500 метр бўлиш шарти билан ҳар бир 500 метр йўл учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасига (кейинги ўринларда — Бюджетдан ташқари жамғарма) ажратиладиган маблағлар ҳисобидан 1 миллиард сўм миқдорида қопланади. Белгилансинки, бунда йўловчи ташувчи янги дор йўлларини қуриш ва жиҳозлаш бўйича дастлабки 50 та лойиҳага йўналтирилган инвесторлар харажатларининг бир қисми қопланади; 
  туристик зоналар ва қишлоқ жойлари ҳудудида тегишли стандартларга асосан Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Қурилиш вазирлигининг намунавий лойиҳалари бўйича жойлаштириш воситаларини тез қуриладиган конструкциялар (ўтовлар, контейнерлар, сендвич панеллар) билан қуриш учун тадбиркорлик субъектлари харажатларининг бир қисми бундай типдаги жойлаштириш воситаларининг жойлари сони 50 мингтага етгунига ёки 2023 йил 31 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ҳар бир жой учун 5 миллион сўмгача миқдорда қопланади; 
  2020 йил 31 декабрга қадар «Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED» («Ўзбекистон. Хавфсиз саёҳат КАФОЛАТЛАНГАН») тизимининг хавфсиз объектлари реестрига киритилган, туризм ва ёндош инфратузилма объектларининг бино ва иншоотларида санитария-эпидемиология хизмати ташкилотлари томонидан дезинфекция, дезинсекция, дератизация ҳамда юқумли касалликлар пайдо бўлишининг олдини олиш ва даражасини пасайтиришга қаратилган эпидемияга қарши курашиш профилактик тадбирларини амалга оширишга йўналтирилган хўжалик субъектларининг харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан қопланади;шаҳарлар ва туманлар бош режаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш жараёнида улар туризм инфратузилмасини ривожлантириш қисмида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан мажбурий келишилади; 
 гид (гид-таржимон), экскурсия етакчиси ва йўриқчи-йўл бошловчиларнинг хизматлари ўзини ўзи банд қиладиган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (хизматлар, ишлар) турлари рўйхатига киритилади;
  г) 2020 йил 1 июлдан 2023 йил 1 июлга қадар нодавлат (хусусий) музейлар, бадиий галереялар ва ҳунармандчилик марказларининг асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи, мол-мулк ва ер солиқлари ҳамда айланмадан олинадиган солиқ ставкалари белгиланган миқдорга нисбатан 50 фоизга камайтирилади. 
  Шунингдек, қарорда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда туризм соҳаси субъектларининг қуйидаги таклифларига розилик бериш;
 туристлар учун «Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED» санитария-эпидемиологик хавфсизлик тизимини жорий этиш; 
  Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган туроператор томонидан «Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED» тизими талабларига риоя қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташкил этилган саёҳат давомида хорижий туристлар коронавирус (COVID-19) инфекциясини юқтириб олган тақдирда, уларга 3 минг АҚШ доллари миқдорида компенсация тўловларини тўлаб бериш механизмларини жорий қилган ҳолда Хавфсиз туризм жамғармасини ташкил этиш кўзда тутилган.
 Белгиланган тартибга мувофиқ туроператорлар томонидан хорижий туристларга хизмат кўрсатиш карантин даврида фақат «Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED» тизимининг хавфсиз объектлари реестрига киритилган туризм ва ёндош инфратузилма объектларида ташкил қилинади.
  Эндиликда Хавфсиз туризм жамғармаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармасининг 20 миллиард сўм миқдордаги дастлабки тўлови, шунингдек, «Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED» тизими доирасида жорий этилаётган ихтиёрий сертификатлаштиришдан ўтиш учун тўланадиган базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдоридаги тўлов ҳисобидан шакллантирилади;
  хорижий туристларга хизмат кўрсатувчи объектларда «Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED» тизими мажбурий тартибда жорий этилади;
  хорижий туристларга хизмат кўрсатишда «Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED» тизимида белгиланган шарт ва талабларнинг бузилишида айбдор бўлган ташкилотларнинг мансабдор шахслари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси зиммасига икки ой муддатда 2021 йил 1 январидан бошлаб хорижий фуқаролар учун виза режимини янада либераллаштириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун зарур бўлган салмоқли капитал, юқори академик билимлар ёки ўзига хос кўникмаларга эга шахсларни Ўзбекистон Республикасида доимий истиқомат қилишга жалб этишни назарда тутувчи «Uzbekistan — my second home» («Ўзбекистон — менинг иккинчи уйим») иммиграция дастурини жорий этиш бўйича таклифлар киритиш вазифаси юклатилди. 
Қарорда белгиланишига кўра: 
  а) Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикасининг «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ тузиладиган туристик-рекреацион зоналарини (кейинги ўринларда — туристик зоналар) ривожлантириш ҳамда уларнинг фаолиятини ташкил қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади ва қуйидаги қўшимча вазифаларни амалга оширади: 
 туристик зоналарнинг самарали бошқарувини ташкил қилиш;
 туристик зоналар ҳудудида туризм инфратузилмаси объектларини барпо этиш ва уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур инвестициявий шарт-шароитларни яратиш;
 туристларнинг мақсадли тоифалари орасида туристик зоналарнинг салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича маркетинг ишларини олиб бориш;
 б) Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири туристик зоналар маъмурий кенгашига раҳбарлик қилади.Қарорга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг тегишли ҳудудий бўлинмаларидаги биттадан штат бирлигини қисқартириш ҳисобига Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Навоий, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими; 
  Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятларида ҳокимнинг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими ўрнига тегишлича туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича ҳоким ўринбосари лавозимлари жорий этилди.
  Юртимиз ажойиб табиати, қадимий қадамжолари, тарихий обидалари билан дунёга машҳур. Бу эса ўз-ўзидан дунё халқларининг мамлакатимизга бўлган қизиқишини кун сайин оширмоқда. Қабул қилинган қарор туризмни юқори савияда ташкил этиш, юртимизга ташриф буюрадиган меҳмонлар учун қулай шарт-шароитлар яратишда муҳим ўрин тутиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Илҳом  ЕТКИРОВ,
Иштихон туман адлия бўлими катта маслаҳатчиси.