СУДЛАР АДОЛАТ ҚАРОР ТОПАДИГАН МАСКАНГА АЙЛАНИШИ КЕРАК

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 24 июль куни “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги Фармони имзоланди.

Фармонга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлари бирлаштирилиб, уларнинг негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда ягона умумюрисдикция судлари ташкил этилади. 2017 йил 1 июнда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди бирлаштирилганлиги бугунги кунга келиб катта самаралар бермоқда. Олий суддан кейинги бўғин судларнинг бирлаштирилиши ҳам суд тизимини бошқариш вазифаларининг такрорланмаслигига, ягона суд амалиётини таъминлашига, судлар тизимининг амалдаги тузилмаси ва штат бирлиги хизмат вазифаларини оқилана тақсимлаш, судларни замон талабларини инобатга олган ҳолда такомиллаштириш ва мақбуллаштиришга имконият яратади.

Ҳозирги кунда ҳар бир вилоят судида 4 нафардан 15 нафаргача судьялар фаолият юритаётган бўлса, янги ташкил этилаётган умумюрисдикция судларида 19 нафардан 47 нафаргача судья ишлайди. Мазкур бирлаштиришдан сўнг штатлар сони деярли уч баравар ошса, иш юкламалари ҳам тўғри тақсимланади, ишларнинг бир вилоятдан иккинчисига олиб берилиши натижасида фуқароларнинг сарсонгарчиликларига барҳам берилади.

Илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда Республикада самарали маъмурий одил судлов тизимини яратиш, бунда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади, туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилиб, уларнинг негизида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади, 199 та туман (шаҳар) маъмурий судлари мақбуллаштирилиб, вилоят марказларида 14 та туманлараро маъмурий судлари ташкил этилади. 

Германияда маъмурий судларнинг шаклланиш тарихи салмоқли даврни қамраб олади, Мамлакат тарихида маъмурий судлар илк маротаба 1863 йилда Бадейда ташкил этилган. 

Судда ишларни кўришда инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишув тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида жиноят ишлари бўйича судларда дастлабки эшитув инститетини жорий этиш назарда тутилмоқда,  2019 йилда 469 та иш судда бир неча ой кўрилгандан кейин дастлабки терговдаги камчиликларни бартараф этиш учун прокурорга қайтарилган, эндиликда ишни судга тайинлаш жараёнида 7 сутка ичида судья мазкур масалани ҳал этиши мумкин бўлади. Дастлабки эшитув институти ҳам жиноят процессини соддалаштиришга ва иштирокчилар манфаатлари ҳимояси учун хизмат қилади.

Прокурорнинг судда иш кўрилиши жараёнида иштирок этиш тартиби илғор халқаро стандартларга маслаштирилмоқда, жумладан прокурор суд жараёнида айбловдан воз кечган тақдирда, реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш, прокурор томонидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан ишни ўрганиш учун чақириб олиш, прокурорнинг фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида ўз ташаббуси билан иштирок этишини чегаралаш назарда тутилмоқда.

   Ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали суд тизимига “бир суд-бир инстанция” тамойилини жорий этиш, хусусан суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилади, бир судда ишларни икки босқичда (биринчи ҳамда апелляция ёки кассация) кўриш амалиётига барҳам берилади.

Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича алоҳида судлов таркиби тузилади, 2019 йилда иқтисодий судлар томонидан чет эл инвесторлари билан боғлиқ 3 мингга яқин, рақобатга оид 30 дан ортиқ ишлар кўрилган.

Суд тизимининг судьялари ва ходимларининг моддий таъминоти 2021 йил 1 январдан бошлаб тўлиқ Давлат бюджетига ўтказилади ва уларнинг иш ҳақи оширилади.

Бундан ташқари, тегишли туман (шаҳар) аҳоли сонидан ва судларнинг ҳақиқий иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда тўртта туман иқтисодий судлари тугатилмоқда, 5 та туман фуқаролик судлари ташкил этилмоқда, янги ташкил топган 4 та туманда жиноят судлари ташкил этилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда янги Фармон суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга, жиноят судлов ишларини соддалаштиришга, суд қарорларини қайта кўришнинг бир бирини такрорловчи босқичларини бекор қилишга, инвесторлар ҳуқуқларининг ишончли суд ҳимоясида бўлишини таъминлашга, шунингдек суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга ва энг асосийси фуқаролар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш даражасини юқори поғанага кўтаришга хизмат қилади.    

Жиноят ишлари бўйича Иштихон туман судининг раиси:        К.Пансатов