ТИЛ - МИЛЛАТ ҒУРУРИ

Тил ҳар бир миллатнинг улкан бойлиги, беназир қадрияти ва бебаҳо мулки ҳисобланади. Ҳар бир халқ, ҳар бир элатнинг барча маънавий мероси бевосита тил билан боғлиқ. Унда шу тилнинг ижодкори бўлган халқ, элатнинг тарихи ва маданияти акс этади. Айни замонда, тил ижтимоий тараққиётда улуғвор аҳамият касб этади. Тил – ҳар бир миллат ўзлигининг ажралмас белгисидир.


Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ўзбек адабий тилини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида ўзбек тили давлат  тили, давлат рамзи, миллий маданият ва маънавиятни ифодаловчи хамда уларни келажак авлодга етказувчи муҳим мулоқот воситаси даражасига кўтарилди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги нуфузи ошиб, фаол мулоқот воситасига айланиб бормоқда. 

Турли даражадаги расмий учрашувлар, музокараларда тилимиз кенг қўлланилаётгани, хориждаги кўплаб университетлар, илмий муассасаларда ўзбек тили марказлари ташкил этилиб, уларда она тилимизни ўрганишга қизиқувчилар сафи тобора ортиб бормоқда. 

1989 йилнинг 21 октябр санасида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинди. Мазкур тарихий хужжатга биноан ўтган вақт мобайнида она тилимиз мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди. Бу сана туманимизда ҳам кенг нишонланди. 


Дастлаб Ёшлар кутубхонасида ташкил этилган тадбир туман мактабларидан келган ижодкор ўқувчилар ва ўқитувчилар  иштирокида кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтди. Ўқувчилар ўзларининг ватан ҳамда они тилимиз ҳақида ёзган шеърлари билан  йиғилганларни ҳушнуд айладилар. Тадбирда шунингдек, вилоят “Ёзувчилар уюшмаси” аъзоси Отабек Ўроқов, ижодкор педагоглар Шахриддин Умиров, Феруза Тоғаева,   Аслихон Ризо ҳамда нафақадаги устозлар сўзга чиқиб, барчани бу қутлуғ айём билан муборакбод этди. 

Сўнгра   21-сонли Мусиқа ва санъат мактабида   ҳам туман ҳокими Шуҳрат Негматов Ўзбек тилининг Давлат тили деб эълон қиинишининг 30 йиллиги муносабати билан барчани қутлади. Жажжи болажонлар иштирокида тайёрланган саҳна кўринишлари, ажойиб куй-қўшиқлар янграб  барчани ҳушнуд айлади. Туман ҳокими Ш.Негматов ўқитувчи ва ўқувчиларга фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширди.

Гулчеҳра УСМОНОВА