“КЎПРИК ҚАЧОН БИТАДИ?”

    Кўприк ҳудудларни  бир-бири билан боғлайди. Қолаверса кўприк қурган ва қуришга бош бўлган киши энг савобли иш қилган ҳисобланади. Азал-азалдан халқимиз бундай кишиларнинг хурматини ўринлатган. Унинг қанчалик соз бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Чунки ҳар куни беҳисоб транспорт воситалари ўтиб қайтадиган кўприкдаги озгина носозлик ҳам барчани хавотирга қўяди. Иштихон, Қўшработ, Пайариқ туманлари ва яна қанча-қанча  йўловчилар ўтадиган Оқдарё устидаги кўприкда кўпдан буён шу ҳолат давом этиб келаётган эди.
       Ўтган 2018 йилнинг охирида жуда ҳам яроқсиз ҳолатга келган кўприкда кўнгилсизлик содир бўлишига  оз қолди. Шундан кейин янги кўприк қуриш учун тараддуд бошланди. Қандайдир усталар келди, ускуналар кўриниб қолди. Тезкорлик билан туман газетасида ҳам ёритдик. Кўзи тушган киши борки янгиликдан мамнун бўлди. Айниқса “Қисқа вақтда тугалланар экан” деган хушхабарлардан қувонмай бўладими?!
      Йўқ, қаттиқ хурсанд бўлган эканмиз. Бошлашга бошланди-ю таққа тўхтади. Сабабини сўраймиз, ҳамма бош чайқайди. Ҳайдовчилар соатлаб тўхтаб қолишади. Бу ҳам майли. “Кеч борсак ҳам тинч бўлайлик” деб сабр қилишади. Аммо йўлни чеклаб бўлмайди. Зармитанга қатнайдиган оғир юк машиналари, пахта ташийдиган тиркамали тракторлар ҳам шу кўприкдан ўтишига тўғри келади. Шундай вақтда ҳайдовчи ҳам, уни кузатиб турган йўловчи ҳам юрак ҳовучлаб туради.

Яқинда “Kun.Uz” сайтида Оқдарё дарёсининг Иштихон тумани ҳудудидан оқиб ўтадиган қисмидаги кўприкнинг фойдаланишга яроқсиз ҳолда эканлиги, таъмирлаш ишлари эса чўзилиб бораётганлиги ҳақидаги видеолавҳа намойиш этилди. Бу лавҳа кўпчиликнинг эътиборини тортди.

 Чунки, масала ҳақиқатдан ҳам жиддий. “Зарафшон тракти” автомобиль йўлининг 69-километридаги ушбу кўприк  Иштихон туманининг жуда серқатнов ва муҳим асосий йўлларидан бирида жойлашган.   Табиийки, унинг яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда.


 Кўприкни таъмирлаш ишлари 2018 йилда бошланганига қарамай ҳанузгача чўзилиб келаётгани ҳам ҳақиқат. Сўнгги ўрганишлардан маълум бўлишича, таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилмаётганлигининг ўзига хос сабаблари борга ўхшайди. Бу сабаблар Самарқанд КФУК директори А.Ўроқов имзоси билан йўлланган ушбу маълумотномада тўла баён этилган:

 “Самарқанд КФУК Сизга шуни ёзиб маълум қиламизки, 4Р48 ”Зарафшон тракти” автомобиль йўлининг 69 километридаги кўприкни тўла таъмирлаш объекти бўйича 2018 йил 6 ноябрда тузилган 2/209-18-сонли пудрат шартномасига асосан умумий қиймати 5 227 683.7 минг сўмга тузилган. 2018 йилга қурилиш-монтаж ишларига  500 000. 0 минг сўм лимит ажратилиб, 500 004.181 минг сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилган. 2019 йил 11 февралдаги 2/21-19-сонли қўшимча келишувга асосан 2 000 000.0 минг сўм лимит ажратилган бўлиб, ҳозирги кунда       2 041 641.7 минг сўмлик қурилиш-монтаж ишлари буюртмачига топширилган. Қурилиш бошидан жами бўлиб 2 541 645.9 минг сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилган.

 Корхонамиз қурилиш ишларини тўхтатмаслик учун ўз маблағлари ҳисобидан кўприкнинг ўтиш плиталари (Плита ПП-4) ва оралиқ плиталарини (Плита П-18, Плита П-12)олиб келиб ўрнатилмоқда.

 Кўприк бугунги кунда авария ҳолатида эканлигини инобатга олиб, транспорт қатнови учун торлигини ҳисобга олган ҳолда, оғир юкли автотранспорт  воситаларининг қатнови чекланишини мақсадга мувофиқлигини билдирамиз.

Қурилиш-монтаж ишларини тезлаштириш учун шартномага асосан қолган 2 686 037.8 минг сўм маблағ ажратилса, кўприкда транспорт қатнови муаммоси бўлмайди.”Хуллас, муаммонинг ечими яқин кунларда топилиши ва кўприкни таъмирлаш ишлари поёнига етиши даргумонга ўхшайди. Биз калаванинг учи кимга бориб тақалиши ҳақида ҳам аниқ бир жавоб ололмадик. Бу эътиборсизлик ва сансоларликнинг жабрини эса оддий халқ тортаётгани ачинарли. 



Оғир юк машиналари ўтаётганда кўприк устида турган киши унинг безгак тутгандек титраётганига гувох бўлиши мумкин. Наҳотки, шундай жиддий қурилиш ишини зиммасига олган мутасадди ташкилотларга кўприкдаги таъмирлаш ишларини тугатиш учун бирорта бахтсиз ходиса туртки бўлиши шарт бўлса?!

Гулчеҳра Усмонова,

Суратлар муаллифи Олим Қўчқоров.


Маълумот ўрнида: Бугун 18 октябрь куни яхши хабар келди. Эрталаб кўприк қурилиши ҳудудида яна таъмирлаш ишлари бошлангани гувоҳи бўлдик. Нима бўлганда ҳам жуда яқин қолган қишнинг қорли-қировли кунларига қадар кўприк қурилиши ниҳоясига етказилса нур устига аъло нур бўларди...