БИР МИСРА ШЕЪР СЕҲРИ

Адабиёт - том маънода адаб, тарбия сўзлари яралган, десак ҳақ гапни айтган бўламиз. Ҳар қандай бадиий асарнинг асосида инсон маънавиятини бойитиш, киши руҳиятини эзгу ғояларга йўналтириш, онгимизга одамийлик сабоқларини сингдиришдек улуғ мақсад ётади. Шу боисдан ҳам буюк Навоий асарлари асрлар оша яшаб, кўнгил мулкимиздан мустаҳкам ўрин олган, Фаробий сабоқлари адаб дурдонасига айланган, Бобур ғазаллари юрагимизга Ватанга муҳаббат туйғуларини муҳрлаган. Бу шоҳ асарларни мукаммал ўрганишда эса она тилимиз беминнат хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан олиб қаралганда, яқин кунларда кенг нишонланадиган 21октябрь - ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун бутун ўзбек халқининг севимли байрамидир.

 Ушбу қутлуғ айёмни муносиб кутиб олиш ва нишонлаш борасида ҳукуматимизнинг алоҳида қарори қабул қилинди. Ҳаётнинг энг жўшқин нуқтаси бўлмиш таълим масканларида эса она тилимизнинг 30 йиллигига бағишланган тадбирлар аллақачон бошлаб юборилди.

 Ана шундай тадбирлардан бири туманимизнинг чекка ҳудудларидан бири - Ўзбекқўрғон қишлоғида жойлашган 91- мактабда бўлиб ўтди.

 Аввало таъкидлаш жоиз, бу мактаб янги ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим маскани мақомида фаолият бошлади. Бунга қадар эса қишлоқдан қарийб олти-етти километр олисда жойлашган 70-мактаб филиали бўлиб, бу ерда асосан бошланғич синф ўқувчилари ўқитилар, ҳудуднинг ўсмир ёшлари эса узоқ масофани ҳар куни пиёда босиб ўтишга мажбур эди. Аслида янги мактаб ҳудуди ҳам анчагина кенг масофани қамраб олган. Айни пайтда бир томони Пайариқ туманига ёндош, Қўрлисой кенгликлари бўйлаб ёйилган қишлоқларнинг 343 нафар ўқувчи ёшлари таҳсил олмоқда. Шербабо Абдураҳмонова, Гулшода Раҳмонова, Бахтиёр Жаниев, Гулхан Турғунбоева, Муқаддас Эргашева каби устозлар иши таҳсинга лойиқ.  

 - Тажрибали ўқитувчи Райимқул Намозов раҳбарлик қилаётган 34 нафар ўқитувчи ва мураббийларимиз улуғ ниятлар билан иш бошлади,-дейди педагогика-психология фанлари номзоди, профессор Баҳриддин Миронов.- Сабаби қишлоғимиз фарзандлари кўп йиллардан буён олисдаги таълим масканига қатнаб ўқиган бўлса-да, улар орасидан жуда кўп таниқли, юртимизнинг фахри бўлган инсонлар етишиб чиққан. Биз ана шу анъанани давом эттирамиз. Бунинг учун жамоанинг кучи ҳам, имконияти ҳам етарли.

   Фан ойлигининг иккинчи ҳафтасида таълим масканида иштихонлик ижодкор Муқаддам Ҳайитованинг “Армон бекати” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Унда ўқувчи ёшлар шоира билан учрашиб, дилкаш суҳбат қуришди, унинг шеърларини ёд ўқишди. Мусиқа фани ўқитувчиси Сайфиддин Облақуловнинг шогирдлари ижро этган куй-қўшиқлар даврага алоҳида файз киритди.

 - Фан ойлиги доирасида яна бир қанча тадбирлар ўтказишни режалаштирганмиз,- деди мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Фурқат Назаров.- ўқув ишлари раҳбари Камол Миронов назорати остида барча синфларда ёзма иш, иншолар танлови ўтказилади. Ўқувчиларнинг билимлари тест синовлари орқали янада мустаҳкамланади. Она тили ва адабиёти фанидан ўтиладиган очиқ дарс машғулотларига ота-оналарни ҳам таклиф этамиз. 21 октябрь эса жамоамизда катта байрам сифатида кутиб олинади.

 Ҳа, кичик жамоада олиб борилаётган бу ибратли ишлардан кўнглимиз тўлди. Устоз ва мураббийларга машаққатли ва шарафли ишларида муваффақиятлар тиладик.


 Собир МАМАРАСУЛОВ.