САМАРҚАНД ШАРҚНИНГ БЕБАҲО ГАВҲАРИ

Қадим ва хамиша навқирон Самарқанд шахри халқимизнинг бой тарихи, юксак маданияти ва улкан бунёдкорлик салохиятининг яққол намунасидир. Қадимдан Буюк ипак йулидаги энг йирик илм-фан, маданият, савдо-сотиқ ва хунармандчилик маркази бўлган азим Самарқанд бугун хам ўзининг бетакрор обидалари, гўзал боғлари, мазали нонлари қолаверса шахар аҳлининг мехмондустлиги билан дунё ахлини лол қолдириб келмоқда. Кўкка виқор билан бўй чўзиб турган улуғвор обидалар дунёнинг турли бурчакларидан бу дурдона шахарни ўз кўзи билан кўришга келиб, унинг гўзаллигига махлиё бўлган сайёхларга олис мозийдан хикоялар сузлаётгандек.

Буюк сохибқирон Амир Темур салтанатининг пойтахти бўлган бу гўзал шахарни хазрат Навоий «Фирдавсмонанд» дея жаннат боғларига қиёсласа, улуғ шоир, шох ва олим З.М.Бобур ўзининг машхур «Бобурнома» асарида Самарқанддек латофат ва гўзалликка бой шахар ер юзида бошқа учрамайди деб таърифлайди.

Истиқлол йилларида Самарқанд шахрида улкан бунёдкорлик ва ободончилик ишлари олиб борилди. Аждодларимиз заковати ва салохияти махсули бўлган гўзал меъморий обидаларни бешикаст келгуси авлодга етказиш борасида кенг куламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Мирзо Улуғбек, Абу Мансур Мотуридий, Имом ал-Бухорий каби улуғ аллома ва мутафаккирларнинг қадамжолари мухташам зиёратгохларга айланди. 2004 йилда Самарқанднинг тарихий ёдгорликлари ЮНЕСКОнинг «Бутунжахон ахамиятига молик ёдгорликлар» руйхатидан жой олди. 

Мамлакатимизнинг биринчи президенти И.Каримов дафн этилган маскан хам нафақат ватандошларимиз, балки дунёнинг кўплаб давлатларидан келаётган зиёратчилар муқаддас қадамжо бўлиб қолди. 

Дунё халқлари дўстлигининг тимсоли булган «Шарқ тароналари» халқаро фестивалининг ўтказилиши учун айнан Самарқанд шахрининг танланиши хам бежиз эмас. Зеро, кўхна Самарқанд қадимдан турли элатларни хар жихатдан боғловчи кўприк ва дунё тараққиётига улкан хисса қўшган илм ва маданият ўчоқларидан бири бўлиб келган.


Олим ҚЎЧҚОРОВ.