Иштихон кушхоналаридаги уч хил ҳолат

Кушхонада замонавийлик акс этади

Вилоят ҳокими Э.Турдимов туманларда фаолият кўрсатаётган кушхоналарнинг бугунги кундаги ҳолати ҳақида куйиниб гапирди. Чунки  инсонларнинг саломатлигига гўшт  маҳсулотларининг талабга жавоб бермаётганлиги салбий таъсир кўрсатади. Уйда қассоблар томонидан суйиб келтирилаётган моллар ветеринар назоратидан ўтмасдан бозорга келтирилаётганлигини қаттиқ танқид қилди. Айрим ҳолларда касалликка чалинган мол гўштлари ҳам савдога чиқарилаётганлиги сир эмаслигини эслатиб ўтди.

Одил Муродов раҳбар бўлган “Shuhrat charm kelajagi” MChJ га киришингиз биланоқ ўзгача манзаранинг шоҳиди бўласиз. Шу йилнинг август ойида ишга тушган бўлса-да шароитлар муҳайё этилган. Молларни шу ернинг ўзида боқиш учун ҳам имкониятлар яратилган. Қиш мавсуми учун ғарамланган озуқалар тартиб билан жойлаштирилган. Ҳовлига экилган беда кўм-кўк бўлиб кўзни қувонтиради. Моллар учун озуқа ҳам шу ернинг ўзида етиштирилади. Ҳамма томон озода қилиб қўйилган. Ҳатто моллар сақланаётган жойларда ҳам ифлослик, эътиборсизлик кўзга ташланмайди.

       Тери сақлайдиган омборхона ишлаяпти, ветеринар Маъмур Абдураззоқоов  кушхонага келтирилаётган молларни албатта назоратдан ўтказади, суйилган гўшт маҳсулотлари музлатгичда сақланади. Санитария талабларига жавоб берадиган ҳолатда бозорга чиқарилади.  

    -Ҳар куни 2-3, гоҳида 10 тагача мол суйишга тўғри келади. Асосан қассоблар Қозоқбой Облоқулов, Ўктам Ўзбековлар фаолият кўрсатишади. Улар ҳам ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтишади. Саломатликлари доимо назоратда. Янада қулай имкониятлар яратиш ҳақида ўйлаяпмиз. Замонавийликка яна эътибор қаратишимиз зарур. Янги ускуналар келтирамиз,-дейди О.Муродов.

Ҳар уч ҳолатни кузатар эканмиз шундай хулосага келамиз. Ишбилармон киши ҳар қандай йўл билан имкон топади. Эҳтимол яхши шароит, тўғри муомила билан иш тутишар. Ҳар қалай замонавийлик акс этиб турган кушхона фаолияти кўпчиликка манзур бўлаётгани кўриниб турибди. 

“Иштихон лаззати”даги ҳолат...

“Ishtixon lazzati” MChJ яъни замонавий автоматлаштирилган кушхона МЧЖ 2017 йилда   туман ҳокимининг қарорига асосланган ҳолда ҳайвонларни суйиш корхонаси деб қурилиб ишга туширилган. ”Халқ банки”нинг Иштихон туман бўлимидан 3 йил муддатга  430 000 000 сўмлик кредит берилган. Ва шунга лойиқ жиҳозлар келтирилган. Кийимларни алмаштириш, ювиниш, териларни сақлайдиган хоналар, гўшт сотиш учун мўлжалланган дўконлари мавжуд. Аммо, мижоз йўқ. Бир вақтлар 30-40 тадан мол суйиладиган корхонадан негадир бизга номаълум сабабларга кўра мижозлар йироқлашди.

Корхонада айни вақтда молни суйишга тайёрлаб берадиган, катта маблағ эвазига  “Тошкент технасбант” корхонасидан келтирилган жиҳоз ишламайди. Корхонанинг ички қисми озгина тозадек кўринса-да ён-атрофда ифлослик. Турли хил чиқиндилар тўғри келган жойларга ташлаб кетилаверган. Кераксиз нарсалар кўп. Шунча маблағ эвазига қурилган корхона бугунги кун талабига жавоб бермайди. Корхона раҳбарининг таъкидлашича кушхонада 5 нафар киши ишлайди. Юқорида таъкидлаганимиздек аҳвол жуда қониқарсиз.
  • Олдин мижозларимиз жуда кўп эди. Нимагадир ҳозир жуда камайиб кетди, -дейди  МЧЖ раҳбари Ўткир Тойиров.

      Бунинг сабабига ойдинлик киритиш  корхона раҳбарининг ўзига ҳавола. Биз эса шунча маблағ эвазига қурилган корхона ишидан асло-асло қаноатланмадик. Чунки талаб қатъий, астойдил ҳаракат қилиш керак, юзаки ишлашга барҳам бериш бугуннинг талабидир.

Кушхона эмас молхона…

Кушхона деб бошлаб боришган Митан қўрғони ҳудудидаги “Tijorat va ziroat group” MChJ 2019 йил 1 июнда фаолият бошлаган. Шу ҳудуддаги қассоблар томонидан ҳар куни 2-3 та мол суйилиб бозорларга чиқарилади. Аммо кушхона деб аталган бу ерда ҳеч қандай шароит йўқ. 3-4 метр келадиган айвон бор, халос. 

Келтирилган моллар шу ерда аниқроқ қилиб айтганда қўлбола у усулда суйилади, бошқа ҳеч қандай шароит йўқ. Ҳатто қўл ювиш учун ҳам имкон яратилмаган. Ветеринар назорати, гўштни сақлаш учун  музлатгич фақат номига қўйилган деб айтсак ўринли бўлади. Мол суйиш ва бошқа замонавий жиҳозлар ҳақида гапириб ўтириш ўринсиз. Ён-атрофдаги ҳолатнинг ифлослигидан бир лаҳза туриш ҳам қийин.

Бинонинг ташқи қисмини бегона ўт босган. Ҳамма томонга хас-хашак тўкиб ташланган. Молхонага 40 та мол боғлаб қўйилган бўлиб, ҳамма томонда уларнинг ахлати қўланса ҳид таратмоқда. Бу албатта ён-атрофдаги хонадонларга ҳам тарқалиши тайин. Бу ҳолатни МЧЖ раҳбари  Нурали Йўлдошев, ветеринар назорати бўйича масъул Гулбаҳор Ҳайитовалар кўрсаларда кўрмаганга олиб юришганга ўхшайди. Ахир ишлаётган жойимиз ҳам иккинчи уйимиз ҳисобланади!

    Айтиш жоиз бўлса эътиборли бўлиш озодалик, ободлик шунчалик кўп тилга олинаётган бир вақтда “Нега бунчалар эътиборсизлик?” деган ўйлар хаёлдан кечади. Тозалик аввало саломатлигимиз кафолати. Йўқотган саломатликни топиш қийин. Аввало озодалик борасида тартиб ўрнатилиши керак. Бой бериш осон лекин тиклаш канчалар қийинлигини яхши биламиз. Қисқаси кушхона эмас молхона деб бошлаб келишганида аниқроқ бўларди.

 Гулчеҳра Усмонова,

“Иштихон овози” муҳаррири.