ГЎЗАЛЛИКЛАР ОҒУШИДАГИ ШАҲАР

Дарҳақиқат, шаҳарга қайси фаслда ташриф буюрманг ўзгача эҳтиром билан қарши олади. Қишда оппоқ қорни елкасига ёпиниб гўзал манзаралар кашф этган дов-дарахтлар сизга ҳам шундай покликни илинади. Баҳорда кўзингизни қувонтирадиган турфа хил гуллар гўзаллигини кузатиб ҳайратланасиз.

    Самарқанд тарихий обидалари билан ҳам жаҳонни лол қолдирган шаҳар. Шаҳарга ташриф буюрган меҳмон албатта улуғ қадамжоларни кўнгилларида ажиб ихлос билан зиёрат қилишга ошиқадилар. Шоҳи Зинда, Ҳазрати Хизир, Хўжа Дониёр, Амир Темур,Бибихоним, Мирзо Улуғбек каби азизлар қўним топган жойлар йиллар ўтгани сайин инсонларнинг қадами аримайдиган зиёратгоҳга айланаётир. Регистон майдони эса алоҳида тилга оладиган масканки ҳар қанча таърифлар ярашади. Узоққа бормайлик. Яқиндагина ўз бағрида дунёнинг барча қитъаларидаги 75 та давлатдан 340 нафардан ортиқ меҳмонларни кутиб олган шаҳар ҳуснини кўз-кўз қилди. Қадим минорлар узра янграган тароналар гуё яна ҳам сайқал бергандек бўлди. Қадим тарих ва санъат уйғунлигини намоён этди.1997 йилдан буён “Шарқ тароналари” мусиқа фестивали шу заминда ўтади. Х11 марта санъатга меҳр қўйган меҳмонларни кутиб олди.

    Жуда кўп суҳбатларда “Самарқандга бориш ниятим бор” деган сўзни эшитамиз. Шунда шу замин фарзанди эканлигимиз вужудимизда титроқ сезамиз. Ва бу ҳаяжон анча вақтгача қалбимизни тарк этмайди.Чунки бу юрт ифтихорга лойиқдир.

    Дарҳақиқат,Самарқанд ажойиб тадбирларга макондир. 2014 йилда “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро анжуман ўтказилди, энг қувончлиси кунлар ўтгани сайин янги режа, ўзгаришлар қуршовидаги шаҳар барчанинг эътиборида. Жаҳон туризм марказига айланаётган қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳарга ошиқаётганлар сафи кун сайин ошмоқда. 

       Самарқанд—Амир Темур ордени билан тақдирланган шаҳар. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов 1996 йил 18 октябрда шаҳар байроғига “Амир Темур” орденини тақиб қўйди ва бу сана тарих саҳифаларига муҳрланди. Шу-шу ўша кун “Самарқанд куни” деб эълон қилинди. “Самарқанд - дўстлик шаҳри”, Қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳар”, “Жўшқин тадбирлар маскани”, “Азиз ва мўътабар Самарқанд” ва “Гўзалликлар оғушидаги шаҳар” дея дилимиздан кечаётган изҳорларни фахр билан айтамиз. Йиллар ўтади, Самарқандга яна ҳам гўзал таърифларни айтамиз.

               Гулчеҳра Усмонова.