Зиёрат одоби

Кўклам келиши билан одамлар кўнглида хайрли ишлар, яхши амалларга, табиат қўйнига саёҳат, юртимизнинг диққатга сазовор жойлари, тарихий шаҳарлар ва турли қадамжоларни зиёрат қилишга рағбат уйғонади. Бу яхши албатта. Аммо, барча хатти-ҳаракатларимизда бўлгани каби зиёратнинг ҳам ўз одоби ва қоидалари борки, буни унутмаслик лозим.

Аввало, улуғ зиёратгоҳларга отланганда киши албатта покланган, таҳоратли бўлиши, тоза ва рисоладагидек кийиниши лозим. 

Ҳар қандай зиёрат яхши ният билан амалга оширилади. Сиз ҳам йўлга отланар экансиз, энг яхши тилакларингизни дилингизга жо этган ҳолда сафарга отланинг. Зиёратгоҳларни айланаётган чоғда сокинликни сақлаш, шошилмасдан оҳиста юрмоқ жоиз. Тиловат чоғида ислом қоидаларини унутманг. Зиёрат қилаётган кишилар, хусусан, ҳамроҳларингизнинг ҳурматини жойига қўйинг. Борган жойингизнинг алоҳида хислатлари билан қизиқинг. Тарихий обидаларнинг ким томонидан, қачон      бунёд этилгани ҳақидаги маълумотларни билиб олиш лозим.

Юртимизда тарихий манзиллар, зиёратгоҳ жойлар жуда кўп. Минг шукурки, кейинги йилларда бу қадамжоларни обод манзилларга айлантириш борасида катта ишлар амалга оширилди. Айниқса, шу кеча-кундузда ана шу муборак манзилларни зиёрат қилувчилар кўп. Ҳамюртларимиз оиласи, фарзандлари, яқинлари ёки ҳамкасблари билан жамоа бўлиб ана шундай хайрли амалларни адо этишмоқда.

Эътибор берилса, ҳамма зиёратчилар ҳам юқорида эътироф этилган қоидаларни тўла адо этаётирлар деб бўлмайди. Айниқса, кўпгина ёшларнинг зиёратгоҳларда ўзини тутиши, одоб сақлашни унутишлари кишини ранжитади. Очиқ-сочиқ    кийимларда, сақич чайнаб, баланд овозда кулиб, сўзлаб юриши, ҳатто, жамоатчилик орасида ҳар хил уятсиз қилиқлар қилиши каби ҳолатларни ҳам учратиш мумкин. Гўёки улар бу масканларга зиёрат қилиш учун эмас, кўнгил очиш, ҳар хил ҳолатларда суратларга тушиш учун келгандек таассурот уйғотади.

Бундай пайтда ота-оналардан озгина ҳушёрлик лозим. Агар имкони бўлса, ёшлар зиёратгоҳларга ота-онаси билан билан борганлари  маъқул. Гуруҳ бўлиб борилганда ҳам уларга устозлар ёки катта ёшли, маърифатли кишилар ҳамроҳлик қилсалар ёмон бўлмас эди.Зиёратгоҳларда баъзан ҳатто катта ёшли кишилар ҳам худди дам олишга боргандек таассуротда бўладилар, атрофни ифлослантиришдан тортинишмайди. Бу эса аввало, маданиятсизлик, қолаверса, улуғ қадамжоларга, демакки, муборак эътиқодларимизга ҳам ҳурматсизликдир.

Шундай экан, йўлга чиқишдан аввал, зиёрат одобини қунт билан ўрганайлик ва унга амал қилайлик.

Расул МУРОДОВ,

имом-хатиб ноиби.